МЕРОС КИТОБИ(2-қисм)

| Print |
Category: Мунозара
Created on 03 May 2018 Hits: 3993

Қуръони каримда белгиланган улушлар

Қуръони кармимда белгиланган улушларнинг сони олтитадир:

1. “Ан-Нисф” – тенг ярим.

2. “Ар-Рубъ” – тўртдан бир.

3. “Ас-Сумн” – саккиздан бир.

4. “Ас-Сулусон” – учдан иккиси.

5. “Ас-Сулс” – учдан бир.

6. “Ас-Судс” – олтидан бир.

 Фарз эгалари

Фарз эгалари ўн иккита. Уларнинг тўртасини эркаклар, саккизтасини аёллар ташкил қилади.

 Тўртта эркак:

1. Ота.

2. Бобо.

3. Она бир бўлган ака-ука.

4. Эр. Хўжайин.

Саккизта аёл:

1. Она.

2. Буви.

3. Қиз.

4. Ўғилнинг қизи.

5. Туғишган опа-сингил.

6. Она бир бўлган опа-сингил.

7. Ота бир бўлган опа-сингил.

8. Хотин.

 

Отанинг меросдаги ҳақи

1. Отага мероснинг олтидан бири тегади. У ҳам бўлса, ота ўғли ёки ўғлининг ўғли билан бирга бўлса. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига мувофиқ бўлади: “Агар (марҳумнинг) фарзанди бўлса, ота-онасининг ҳар бирига қолдирган нарса (мерос)нинг олтидан бири (берилур)”.

2. Асаба бўлади – отанинг ўғли ҳамда боласининг ўғли бўлмаган тақдирда.

3. Қизи ёки ўғлининг қизи отаси билан булганида фарз ва асаба бўлиб олади.

Агарда отаси бўлмаса, бобо (бува) ҳукм жиҳатидан отанинг ўрнида бўлади.

 

Она бир ва ота бошқа бўлган ака-уканинг ҳолатлари

Она бир, аммо ота бошқа бўлган ака-укаларнинг сони битта бўлса, Аллоҳ таолонинг: “Балки она томонидан битта ака ёки укаси ёхуд опа ёки синглисиқолган бўлса, уларнинг икковидан ҳар бирига олтидан бир (ҳисса тегур)”  оятига кўра, унга мероснинг олтидан бири тегади. Аммо ака-укалар икки ёки ундан кўп бўлса, Аллоҳ таолонинг: “Агар (улар) бундан (биттадан) ортиқ бўлсалар, улар (мероснинг) учдан бир (ҳиссаси)да тенг шерик бўлурлар” оятига кўра уларга уч ҳиссадан бири берилади.

 

Эрнинг мерос олиши

Эрга хотини томонидан фарзанди ҳамда ўғлининг фарзанди бўлмаса, мероснинг тенг ярми тегади. Аммо хотиннинг фарзанди ёки фарзандининг болалари бўлса, Аллоҳ таолонинг: “Сизларга хотинларингиз қолдирган (мерос)дан – агар уларнинг фарзанди бўлмаса – ярим (тегур). Агар уларнинг фарзандлари бўлса, сизларга улар қолдирган (мерослари)дан тўртдан бир (ҳисса) тегур”  оятига кўра эрига мероснинг тўртдан бир қисми тегади.

 

Меросда онанинг ўрни

Аллоҳ таолонинг: “Агар (марҳумнинг) фарзанди бўлса, ота-онасининг ҳар бирига қолдирган нарса (мерос)нинг олтидан бири (берилур)” оятига мувофиқ фарзанди ёки ўғлининг фарзанди ҳамда қайси томонидан бўлишидан қатъий назар, иккита ака-ука ва опа-сингил ёки ундан кўпроқ бўлса ҳам, онага мероснинг олтидан бири тегади. Аммо мазкур кишилар йўқ бўлса, онага мероснинг уч ҳиссадан бири тегади. Бунинг далили “Агар фарзанди бўлмай, фақат ота-онаси меросхўр бўлса, у ҳолда онасига учдан бир (мерос) тегур” оятидир.

Абу Бакр Розий. ТУҲФАТУ-Л-МУЛУК китобидан. -Б. 258
ИБХИТМ Матбуот хизмати