МЕРОС КИТОБИ

| Print |
Category: Мунозара
Created on 01 May 2018 Hits: 4231

“Фароиз” “фариза”нинг кўплиги бўлиб, у “фарз” масдаридан олинган. Маъноси бирор нарсани бўлишдир. Фарз Аллоҳ таоло томонидан бандаларга вожиб қилган нарсалардир.

Меросда маълум белги ва чегара борлиги учун фароиз деб номланган.

Мерос илми истилоҳда мероснинг ўз эгаларига қандай қилиб бўлиб бериши тўғрисида баҳс юритадиган илмдир.

Мероснинг шаръийлиги Қуръони карим, ҳадиси шариф ва ижмо билан собит бўлган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Аллоҳ фарзандларингизга (мерос тақсимида) бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида мерос (беришни) буюради. Агар (меросхўрлар) иккидан ортиқ аёл бўлса, уларга (марҳум) қолдирган нарсанинг учдан иккиси, агар якка қиз бўлса, унга (мероснинг) ярми (берилур). Агар (марҳумнинг) фарзанди бўлса, ота-онасининг ҳар бирига қолдирган нарса (мерос)нинг олтидан бири (берилур). Агар фарзанди бўлмай, фақат ота-онаси (меросхўр) бўлса, у ҳолда онасига учдан бир (мерос) тегур. Агар (марҳумнинг) ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир (ҳисса) тегур. (Бу тақсимотлар марҳумнинг) қилган васияти ёки қарзи (адо этилгпн)дан сўнг (ижро этилур.) Ота-оналарингиз ва фарзандларингиздан қайси бирлари сизлар учун манфаатлтроқ эканини билмайсизлар. (Шунинг учун мерос тақсими Аллоҳнинг (ўзи) томонидан (белгиланади) ва фарз қилиб қўйилди. Албатта, Аллоҳ билимдон ва ҳаким зотдир”.

Яна бу борада Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“Сизларга хотинларингиз қолдирган (мерос)дан агар уларнинг фарзанлари бўлмаса ярми (тегур). Агар уларнинг фарзандлари бўлса, сизларга улар қолдирган (мерослари)дан тўртдан бир (ҳисса) тегур. (Бу тақсимот) улар (марҳумлар)нинг васияти ёки қарзи (адоси)дан кейин (ижро этилур). У (хотин)ларга сизлар қолдирган (мерос)дан агар фарзандингиз бўлмаса тўртдан бир (ҳисса) тегур. Агар фарзандингиз бўлса, уларга сиз қолдирган (мерос)нинг саккиздан бири тегур. (Бу тақсимот) сизлар қилган васият ёкиқарз (адоси)дан кейин (ижро этилур). Агар (вафот этган) эркак ёки аёлнинг ота-онаси ҳам, фарзандлари ҳам бўлмай, (балки она томонидан) битта ака ёки укаси ёхуд опа ёки синглиси қолган бўлса, уларнинг икковидан ҳар бирига олтидан бир (ҳисса) тегур. Агар (улар) бирдан (биттадан) ортиқ бўлсалар, улар (мероснинг) учдан бир (ҳиссаси)да тенг шерик бўлурлар. (Бу тақсимот меросхўрларга) зарар етказилмасдан қилинган васият ёки қарз (адоси)дан кейин Аллоҳнинг буйруғига биноан (ижро этилур). Аллоҳ билимдон ва ҳалим зотдир”.

Шунингдек, Аллоҳ таоло яна бир бор марҳамат қилади:

“(Эй, Муҳаммад!) Сиздан фатво сўрайдилар. Айтинг: «Аллоҳ сизларга отаси ҳам, фарзанди ҳам бўлмаган одам тўғрисида (шундай) фатво беради: агар фарзандсиз бўлган бир эркак ҳалок бўлса (ўлса), агар синглиси (қолган) бўлса, қолдирган мероснинг ярмини олур. Агар синглисининг фарзанди бўлмаса, унга (акаси) меросхўр бўлур. Агар (сингиллар) иккита бўлса, улар (ака қолдирган нарсанинг учдан иккиси (тегур). Агар (меросхўрлар) ака-ука ва опа-сингиллар бўлса, (ҳар) бир эркакка икки аёл ҳиссаси (берилур). Янглишиб кетмасликларингиз учун Аллоҳ сизларга (мерос ҳукмларини Ўзи) баён этади. Аллоҳҳар бир нарсани билгувчи зотдир”.

Абу Бакр Розий. ТУҲФАТУ-Л-МУЛУК китобидан. -Б. 256
ИБХИТМ Матбуот хизмати