НАЖИБУДДИН САМАРҚАНДИЙ(ваф. 1222 й.)

| طباعة |
المجموعة: Алломалар
تم إنشاءه بتاريخ 01 أيار 2018 الزيارات: 2373

Табобат билимдонининг тўлиқ исми – Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Али ибн Умар Нажибуддин Самарқандий бўлиб, самарқандлик машҳур табиб Нажибуддин Фахруддин Розийнинг (ваф. 1209 й.) замондоши бўлган. “Табиблар тарихи китоби”нинг муаллифи Ибн Абу Усайбиъанинг (1200-1270) ёзишича, Нажибуддин Самарқандий Ҳиротда ҳам яшаган ва 619/1222 йили Чингизхон бошлиқ мўғул истилочиларининг Ҳиротни забт этишига қарши курашда қатл этилган[1].

У табобат илмини юнон олими Гиппократ (мил. авв. 460-377 й.), арабийнавис Али ибн Аббос Мажу-сий (ваф. 995 й.) ва Ибн Сино (980-1037) асарларини мутолаа қилиш билан ўрганган.

Аллома табобат илмига доир бир неча асарлар муаллифидир. Жумладан, “Ағзияту-л-марзо” (“Беморлар истеъмол қиладиган овқатлар”) номли китобида ҳар бир касаллик учун қандай таом истеъмол қилиниши ва қандай таомлардан эҳтиёт бўлиш лозимлиги ҳақида ёзади. Шунингдек, овқатларнинг дорилик хусусияти ҳақида ҳам гапириб ўтган.

Олим киши аъзоларининг ҳар бирига хос айрим касалликларга бағишланган иккинчи бир тиббий асари юқори айтилган “Ал-асбоб ва-аломот” (“Касаллик сабаблари ва аломатлари”)ни Ибн Синонинг “Тиб қонунлари”, Гиппократнинг “Ал-муола-жоту-л-буқротия” (“Гиппократ даволашлари”), Мажусийнинг “Комилу-с-синоъа” (“Такомил санъат”), “Ақро-бозину-л-кабир” (“Мураккаб дориларга бағишланган катта китоб”) ва “Ақробозину-с-сағир” (“Мураккаб дориларга бағишланган кичик китоб”) каби китоблардан фойдаланиб ёзган. Бу асар Шарқ табиблари орасида катта эътиборга эга бўлган. Муаллиф замонасида ҳам, ундан кейин ҳам табиблар бу китобдан кенг фойдаланганлар ва унга шарҳ ёзганлар. Шундай шарҳлардан бирини Мирзо Улуғбек (1394-1449) таклифига биноан Кирмондан Самарқандга хизматга келган таниқли табиб Нафис ибн Эваз Кирмоний ёзган “Шарҳу-л-асбоб ва-л-ало-мот” (“Касаллик сабаблари ва аломатлари шарҳи”)дир. Бу асарнинг қўлёзма нусхаси Беруний номидаги шарқшунослик институтида (инв. № 2872) сақланмоқда. Алломанинг учинчи асари “Усулу-т-тарокиби-л-адвия (“Мураккаб дориларни тайёрлаш усуллари”) деб номланган. Бу қўлёзма асарнинг ҳам иккита нусхаси Беруний номидаги шарқшунослик институтида (инв. № 227/111, 7225) сақланмоқда.

Шунингдек, олимнинг “Таркибу-л-адвияти-л-қал-бия” (“Юрак касалликларининг таркиблари”), “Ки-тоб ташриҳи-л-айн” (“Кўзни очиш ҳақида китоб”), “Аб-долу-л-адавия” (“Дориларни ўрнида қўллаш”) ва “Рисола фи мудовоти важъи-л-мафосил” (“Бўғин оғриқларини даволаш ҳақида рисола”) каби асарлари маълум.

Шарқда Ибн Сино барпо этган табобат мактабининг забардаст олимларидан бири бўлган Нажибуддин Самарқандий тиббиётга доир 8 та асар ёзганлиги маълум. Шарқ қўлёзма фондларида сақланаётган бу асарлар Шарқ табобати тарихини ўрганишда, қолаверса, ўзбек табобати тарихини ўрганиш ва амалда қўллашда катта аҳамиятга эга[2]. 

САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ.  Шовосил ЗИЁДОВ, Қодирхон МАҲМУДОВ.
“Имом Бухорий халқаро маркази”, 2017 йил. -Б175
ИБХИТМ Матбуот хизмати


[1] Умар Ризо Каҳҳола. Муъжаму-л-муаллифийн. Ж. 11. – Байрут: Дор иҳёи-т-туроси-л-арабий. 2009. – Б. 31.

[2] Қаранг: К. Броккельман, Араб адабиёти тарихи. Ж. 1.  – Б. 490-491, 895; Сафадий. Ал-вофий би-л-вофиёт. Ж. 4. – Байрут. Дор иҳёи-т-туроси-л-арабий. 2000. – Б. 131; СВР, I, № 568; VI, № 4362.