ФОТИМА БИНТИ МУҲАММАД САМАРҚАНДИЙ(ваф. тахм. 1186 й.)

| طباعة |
المجموعة: Алломалар
تم إنشاءه بتاريخ 18 نيسان/أبريل 2018 الزيارات: 2240

Фотима бинти Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий аёл фақиҳалардан бири бўлган. Буюк фақиҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Алоуддин Самарқандийнинг қизи, “уламолар подшоси” деб лақаб олган Алоуддин Косонийнинг турмуш ўртоғи бўлган. Олима (Туркистонда, Шошнинг орқа томонидаги) Косон шаҳрида таваллуд топган. Бошқа манбаларда туғилган йили тўғрисида маълумотлар келтирилмаган.

Олимага отаси ёшлигидан ҳадис ва фиқҳдан таълим берган. У отасидан фиқҳ илмини ўрганиб буюк фақиҳа олима даражасига етишган.

Бундан ташқари яна бир қанча фақиҳлардан илм ўрганган[1]. Отасининг машҳур “Туҳфату-л-фуқаҳо” (“Фақиҳлар туҳфаси”) асарини ёддан билган.

Олиманинг бир қанча асарлар муаллиф экани манбаларда қайд этилган, аммо фиқҳ ва ҳадисга тегишли “Мажмаъу-л-фавоид ли жамми-л-авоид шарҳ туҳфа-ти-л-мулук” (“Подшоҳлар туҳфаси шарҳида расм-русумларни тўлдиришда қоидалар жамланмаси”) асаридан бошқа китоблари зикр этилмаган.

Алоуддин Самарқандийнинг шогирди Алоуддин Абу Бакр Косоний (ваф. 1191 й.) устозининг “Туҳфа-ту-л-фуқаҳо” асарига шарҳ ёзиб, унга тақдим этган. Алоуддин Самарқандий шарҳдан мамнун бўлганидан, қизини шогирдига никоҳлаб берган. Ундан олдин олиманинг илм соҳибаси ва ҳусни жамол эгаси эканини эшитган Рум шаҳарларидан бир қанча кишилардан совчилар келади. Алоуддин Самарқандий уларга рад жавобини беради[2].

Фотима бинти Муҳаммад Самарқандий турмушга чиққанидан кейин илм ўрганишда сусткашлик қилмаган, аксинча, ўзи илм ўрганишда давом этиб, илми толибларга дарс бериб устозлик қила бошлаган. Олиманинг илмдаги қадрини, умр йўлдоши Косонийнинг фатволаридаги хато-камчиликларни кўрсатиб бериши, шу ўринда Косоний ҳам унинг фикрини қабул қилиши билан билиш мумкин[3].

Фотима фатво бериш ваколатига эга бўлиб, ушбу соҳада отаси билан ҳамкорлик қилиб келган. У кўп вақтини ибодат, китоб мутолааси, таълим бериш ва китоб ёзиш билан ўтказган.

Фотима турмуш ўртоғи билан Рум, Шом шаҳарларига сафар қилган ва Одил подшоҳ ҳукмронлик қилаётган Ҳалаб (Суриядаги шаҳар)га келиб бир қанча вақт истиқомат қилишган. У ердаги Аюбийлар давлатининг фуқаролари бўлган мусулмонлар хизматида бўлишган.

Ҳалаб ҳукмдори Нуриддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Занкий (1118-1174) ва бошқа амалдорлар Фотиманинг қадр-қимматини яхши билишар эди. Ундан баъзи масалаларга фатво чиқаришини сўрар, шунингдек, давлат ишларида ундан маслаҳатлар олишар эди.

Ҳалабдаги Ҳоловия мадрасаси фақиҳлардан бири Довуд ибн Алининг айтишича, Рамазон ойида фақиҳларга фитр садақасини беришни биринчи марта Фотима жорий қилган. Ибн Адим (1192-1262) бундай дейди: “Фақиҳ Аҳмад ибн Юсуф ибн Муҳаммад Ансорий Ҳанафий менга бундай деб айтган: “Косоний Ҳалабдан ўз юртига кетишни ният қилиб қолади. Чунки, Фотима уни кетишга ундаган бўлади. Буни эшитган Нуриддин Маҳмуд Косонийни чақириб уни қолишга кўндиради. Нимага кетмоқчи эканлигининг сабабини сўраганда, у устозининг қизига хилоф иш қила олмаслигини айтади. Кейин Нуриддин Маҳмуд у билан маслаҳатлашиб, бир хизматкорни қолишларига кўндириш маъносидаги нома билан унинг олдига жўнатади. Хизматкор номаҳрам бўлганлиги сабабли Фотима уни эшиги остонасидан қайтариб юборади. Хизматкор бўлган воқеани Косоний ва подшоҳга айтиб беради. Фотимага бир аёлни юбориб, уни кўндиради. Улар умрларининг охиригача Ҳалабда қолишади”[4].

Фотима бинти Муҳаммад Самарқандийнинг ҳаёт сийрати, одоб-ахлоқ, илмни қадрлаш ва қизлар тарбиясида юксак қобилиятли бўлишга туртки бўлади.

Фотима бинти Муҳаммад Самарқандий 581/1186 йилдан олдин вафот этган ва Ҳалаб ташқарисидаги Иброҳим Халил масжиди қабристонига дафн этилган. Алоуддин Косоний ҳам кўп вақт ўтмасдан 587/1191 йил вафот этган, васиятига кўра Фотима ёнига дафн этилган.

 

САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ.  Шовосил ЗИЁДОВ, Қодирхон МАҲМУДОВ.
“Имом Бухорий халқаро маркази”, 2017 йил. -Б165


[1] Зайнаб Фаввоз. Ад-дурру-л-мансур фи табақот раббот. – Қоҳира: Ал-матбаату-л-куброти-л-амирия, 1896. –  Б. 512.

[2] Абдулқодир ибн Абулвафо Қураший. Жавоҳиру-л-музийя фи табақоти-л-­ҳанафийя. Ж. 2. – Карачи: Мир Муҳаммад кутубхона. – Б. 244.

[3] Доктор Одил ибн Аҳмад ибн Салим. Дуру-л-маръати-н-наҳзавий фи-т-турос. – Қувайт: Жомиъа умму-л-қуро. – Б. 16.

[4] Абдулқодир ибн Абулвафо Қураший. Жавоҳиру-л-музийя фи табақоти-л-ҳанафия. Ж. 2. – Карачи: Мир Муҳаммад кутубхона. – Б. 278.