МУҲАММАД ЗАҲИРИЙ САМАРҚАНДИЙ(XII аср)

| طباعة |
المجموعة: Алломалар
تم إنشاءه بتاريخ 17 نيسان/أبريل 2018 الزيارات: 2422

Адиб ва олимнинг тўлиқ исми – Муҳаммад ибн Али ибн Муҳаммад ибн Ҳасан Котиб Заҳирий Самарқандий бўлиб, таржимаи ҳоли ҳақида етарли маълумотга эга эмасмиз.

Аллома қорахонийлар сулоласидан бўлган Қилич Тамғоч хоқон ибн Қилич Қорахон (1163-1178) даврида яшаган ва шу хон саройида соҳиби девони иншо (ёзишмалар девонининг бошлиғи) бўлиб ишлаган.

“Ағразу-с-сиёса фи арази-р-риёса” (“Ҳукмронликни бошқаришда сиёсатнинг вазифалари”) унинг дастлабки асари бўлиб, унда афсонавий Жамшид (подшоҳ)дан то Салжуқий Султон Санжаргача (1118-1157) ўтган шоҳларнинг давлатни бошқариш масаласида айтган ҳикматли сўзлари жамланган. Муаллиф шоҳларнинг ҳикматли сўзларини турли изоҳлар билан тўлдиради ва асарда жуда кўп қизиқарли тарихий воқеалар ҳақида сўз юритади. Академик В.В. Бартольд бу асар қўлёзмаси билан қизиққан ва “Мўғуллар истилоси даврида Туркистон” номли асарининг русча нашрига илова қилиб ундан парча бостирган.

Заҳирий номини Шарққа танитган асари унинг Синдбоднома” асаридир. “Синдбоднома” асосида ҳинд тилида машҳур бўлган қадимги “Сиддхапати” (“Донолар ҳақида боб”) китоби ётади. Аббосий халифаларидан Абу Жаъфар Абдуллоҳ Мансур (712-775) 753-775 йиллар, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Маҳдий (745-785) 775-785 йиллар ва Ҳорун ар-Рашид (766-809) 785-809 йиллар даврида “Синдбоднома” ҳам уч марта араб тилига таржима қилинган.

Асбаға Сижистоний “Синдбоднома”ни “Катта синдбод”, Муса Кисравий (ваф. 850 йил атрофи) эса “Кичик синдбод” номи билан таржима қилган.

950-951 йили сомонийлар амири Нуҳ ибн Насрнинг (943-954 йиллари амир бўлган) амри билан “Синдбоднома” хожа Амид Абулфаворис Фанорўзий томонидан паҳлавий тилидан дарий тилига таржима қилинган. Бу таржима бадиий қимматга эга бўлмагани учун унчалик шуҳрат қозона олмаган.

“Синдбоднома”ни форс тилида қайтадан ҳаёт-бахш этган Муҳаммад Заҳирий бўлди. У бу асарни замона дидига мос қилиб қайтадан ишлаган, унга бадиий тус берган ва Қилич Тамғоч ҳоқонга тақдим этган.

Заҳирий асарининг бир қўлёзмаси Британия музейида, иккинчиси қиролликка қарашли Осиё уюшмаси кутубхонасида сақланади. Туркияда “Синдбоднома” нинг бир қанча қўлёзма нусхалари мавжудлиги 1948 йилда аниқланган.

“Синдбоднома” билан собиқ иттифоқ шарқшунос олимларидан дастлаб Е.Э. Бертельс қизиқиб, “XII аср тожик прозаси намунаси”[1] номли мақолани ёзган. Кейинчалик китоб рус тилига таржима қилиниб, сўз боши ва изоҳлари билан нашр этилган[2].

ЎзР ФА шарқшунослик институтининг кекса илмий ходими Юнусхон ота Ҳакимжонов томонидан “Синдбоднома” ўзбек тилига ҳам таржима қилиниб, 1993 йилда нашр этилган.

“Синдбоднома” қўлёзмаларининг бир нусхаси Беруний номидаги шарқшунослик институтида (инв. № 9318), яна бир нусхаси Санкт-Петербург Шарқшунослик институтида (инв. № 352) сақланмоқда.

 

САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ.  Шовосил ЗИЁДОВ, Қодирхон МАҲМУДОВ.
“Имом Бухорий халқаро маркази”, 2017 йил. -Б161


[1] Бертельс Е.Э. Образец таджикской художественной прозы XII века. Краткие сообщения института Востоковедения АН СССР, вып. IX, – М.: 1956.

[2]Мухаммад аз-Захири ас-Самарканди. Синдбаднаме. Перевод М.Н. Османова. – М.: ИВЛ, 1960.