НОСИРУДДИН САМАРҚАНДИЙ(ваф. 1161 й.)

| طباعة |
المجموعة: Алломалар
تم إنشاءه بتاريخ 12 نيسان/أبريل 2018 الزيارات: 2273

Тафсир, ҳадис ва ваъз илми бўйича фақиҳ олим бўлган Носируддин Абулқосим Муҳаммад ибн Юсуф Ҳасаний Самарқандий Абулқутн номи билан танилган. Унинг туғилган санаси манбаларда кўрсатилмаган бўлсада вафоти 556/1161 йилда бўлганлиги манбаларда келтирилган. Носируддин ёшлигидан зийрак ва илмга чанқоқ бўлган.

Илмнинг турли соҳалари бўйича замонасининг етук олимларидан сабоқ олган. Илк сабоғини ўз юртида олган олим кейинчалик илм талабида қатор мамлакатларга сафар қилган.

Жумладан, алломанинг Бағдодда бир қанча вақт яшагани манбаларда келтирилади. Бундан ташқари, Имом Носируддин 535/1141 йилдан 543/1150 йилгача илм-фан маркази ҳисобланган Марв, Бағдод, Макка ва Мадина шаҳарларида бўлиб, кўплаб устозлардан таълим олган ва дунёнинг аксар олимлари гувоҳлик берганидек, мусулмон оламидаги машҳур олимлардан бирига айланган[1].

Аллома уламо ва имомларни танқид қилганлиги, уларни қоралаб фикр билдирганлиги боис, ҳибсга олиниб шу ерда вафот этганлиги манбаларда келтирилади.

Унинг фатволарга тегишли “Ал-мултақоту фи-л-фатово” (“Сараланган фатволар”) – асар “Молу-л-фатово” (“Фатволар бойлиги”) деб ҳам номланиб, уни 549/1156 йилда ёзиб тугатган[2]. 

Бундан ташқари “Ал-мултақоту фи-л-фиқҳ” (“Фиқҳдаги фойдалар”), “Масобиҳу-с-субул” (“Йўлларнинг чироқлари”), “Жомиъу-л-фатово” (“Фатволар тўплами”), “Ал-фиқҳу-н-нофиъ” (“Фойдали фиқҳ”), “Хулосату-л-муфтий” (“Муфтий хулосаси”), “Асъалуҳ ва ажвабаҳ” (“Ундан сўрайман ва унга жавоб бераман”),грамматикага оид “Булуғу-л-ирб мин таҳқиқ истиороти-л-араб” (“Араб истиораларини ўрганишда мақсадга етиш”), тафсир фанига оид “Ал-аҳком фи-т-тафсир” (“Тафсирдаги ҳукмлар”), одоб-ахлоқ ва тасаввуфга оид “Риёзату-л-ахлоқ”, (“Хулқлар риёзати”) “Баён риёза ахлоқу-н-нафс” (“Нафс хулқларининг риёзат баёни”) каби асарлар тасниф этиб ўзидан бебаҳо мерос қолдирган.

Аллома томонидан таълиф этилган асарларнинг аксарияти бизгача етиб келган. Қуръон илмлари, калом, фиқҳ, одоб-ахлоқ, грамматика ва тарихга доир бу асарларнинг қўлёзма нусхалари дунёдаги турли кутубхона фондларида сақланмоқда.

САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ.  Шовосил ЗИЁДОВ, Қодирхон МАҲМУДОВ.
“Имом Бухорий халқаро маркази”, 2017 йил. -Б157


[1] Носируддин Самарқандий. Ал-фиқҳу-н-нофиъ. – Риёз. Мактабату-л-ибикон, 2000. – Б. 26.

[2] Умар Ризо Каҳҳола. Муъжаму-л-муаллифийн. Ж. 8. – Байрут: Дор иҳёу-т-туроси-л-арабия, 2009. – Б. 126.