НИЗОМИЙ АРУЗИЙ САМАРҚАНДИЙ (XII аср)

| طباعة |
المجموعة: Алломалар
تم إنشاءه بتاريخ 06 نيسان/أبريل 2018 الزيارات: 2875

Шоир ва олим бўлиб, таржимаи ҳоли ҳақида баъзи маълумотларни фақат унинг “Чаҳор мақола” (“Тўрт мақола”) асаридан топиш мумкин. Асл исми–Аҳмад ибн Умар ибн Алидир. Низомий эса адабий тахаллуси бўлиб, ўзига замондош бўлган Низомий тахаллусли иккита шоирдан фарқ қилиш учун унга Арузий (аруз мутахассиси) тахаллусини ҳам қўшиб айтилади.

Низомий Арузий Самарқандда туғилган. Қандайдир сабаб билан Марказий Афғонистоннинг Ғур ва Бомиён вилоятларига бориб, у ерда шансабийлар сулоласидан бўлган подшоҳлар хизматига кириб, умрининг охиригача ўша ерда истиқомат қилган. Туғилган ва вафот этган йили маълум эмас. Лекин “Чаҳор мақола” китобини 1156 йилнинг охири ва 1157 йилнинг бошларида ёзганлиги аниқланган.

Аллома “Чаҳор мақола”ни ёзаётган пайтларида 45 йил Ғур ва Бомиён подшоҳларига хизмат қилганини китобда эслатиб ўтган. Демак, 1112 йилдан бошлаб Ғур, кейинчалик Бомиён подшоҳлари саройида котиб ва шоир сифатида хизмат қилган. Ғурга келган пайтларида 20-25 ёшларда бўлса, у XI асрнинг 90 йилларида туғилган бўлиб чиқади. Лекин “Чаҳор мақола”да олим 1116-1117 йиллари Ҳиротда тирикчиликнинг қийинлигидан оғир ҳаёт кечирганини ёзади. Кейинчалик тўрт йил Нишопурда яшаган бўлса керак. Шундай қилиб, шансабийларга қилган 45 йил хизматининг беш йили дарбадарликда ўтган.

Шансабийлар сулоласи – Шимолий Афғонистон тоғли вилоятининг ғарбий ва марказий қисми бўлган Ғур ва Бомиёнда ҳукм сурган. Шансаб қабиласининг катта бир қисми Ғурда, кичик қисми эса Бомиёнда подшоҳлик қилган. Ғур подшоҳларининг пойтахти аввал Варшад, кейин ҳозирги Афғонистоннинг ғарбидаги Фирузкуҳ шаҳри бўлган. Улар ўзларини “Малику-л-жабал” (“Тоғ подшоси”) номи билан юритиб, 1150 йилдан бошлаб “султон” лақаби билан атала бошлаганлар.

Бомиён – сув сатҳидан 2500 метр баландликдаги кичик водий бўлиб, пойтахти Ғулғула номли қалъа-шаҳар бўлган. Бу шаҳар 1222 йили мўғуллар томонидан тамоман вайрон этилиб, ҳозир унинг фақат харобаларигина қолган, холос. Ғулғула билан Фирузкуҳ ораси 500 чақиримдан ортиқ бўлиб, юриш қийин бўлган тоғли йўлдан иборат. Худди ана шу шаҳарда Низомий Арузий ўзининг ягона асари “Чаҳор мақола”ни ёзиб тугатган.

“Чаҳор мақола”нинг эронлик олим М. Қазвиний томонидан аниқланган асл номи “Мажмаъу-н-наво-дир” (“Нодир нарсалар мажмуаси”) бўлиб, кейинчалик “Чаҳор мақола” (“Тўрт мақола”) номи билан аталган.

Асар Абулҳасан Али ибн Фахруддин Масъул деган подшоҳга бағишланган. Лекин на Ғур ва на Бомиён подшоҳларидан ёки Низомий Арузийга замондош бўлган бошқа подшоҳлардан бирортаси бундай ном билан аталмаган.

“Чаҳор мақола” кириш сўзи билан бошланиб, тўрт боб (мақола)га бўлинади ва хотима билан тугайди. Низомий Арузий кириш сўзида подшоҳлик нима, подшоҳ ким бўлиши керак, қандай қилиб олий мартаба эгаси бўлиш мумкинлиги ҳақида ёзади.

Хотимада эса “Бу рисолани ёзишдан ва ана шу бобларни баён этишдан мақсад маълумотимни ва ўз хизматларимни кўрсатиб ўтиш эмас, балки энг даставвал (менинг) хожам улуғ ҳукмдор Ҳусому-д-давла ва-д-дин ислом ва мусулмонлар ёрдамчиси, дунё қўшинларининг таянчи, подшоҳ ва султонлар фахри, даҳрий ва худога шерик келтирувчиларни даф этувчи, бидъатчи ва бузғунчиларни мағлуб этувчи, давримиз ҳомийси, инсоният учун ҳозир турувчи, халифаликнинг куч-қудрати, халқнинг ҳусни, жамиятнинг улуғи, араб ва форсларни йўлга солувчи, дунёда энг олийжаноб, фозиллар қуёши, амирлар шоҳи, мўминлар амирининг сафдоши, худо унинг шон-шуҳрати ва бахт йўлида гуллаб-яшнашини давом эттирсин ва кўпайтирсин, Абулҳасан Али ибн Масъуд ибн Ҳусайнга йўл-йўриқ ва камолотдан иборатдир”[1] дейди. Демак, “Чаҳор мақола” энди тахтга ўтирган ёш подшоҳлар учун панд-насиҳат ва йўл-йўриқлардан иборат бўлган китобдир.

Бизга “Чаҳор мақола”нинг 12 та қўлёзмаси етиб келган. Булардан иккитаси XIV асрга оид бўлиб, қолганлари кейинги асрларда кўчирилган нусхалардир. Асар 1887-88 йили Эронда тошбосмада нашр этилган. Машҳур немис шарқшунос олими Эдуард Браун 1899 йили унинг инглизча таржимасини ҳам нашр этган. 1909 йили Эрон олими Мирзо Муҳаммад Қазвиний “Чаҳор мақола”нинг танқидий матнини Лейденда нашр эттирди. Бу нашрга илмий-тадқиқий сўз боши ва изоҳлар ҳам илова қилинган. Сўз бошида Низомий Арузийнинг таржимаи ҳоли илмий асосда ёритиб берилган. Қазвиний асарнинг ҳақиқий номи “Мажмаъу-н-наводир” (“Нодир нарсалар мажмуаси”) эканини ҳам илмий асосда исботлаб берган.

“Чаҳор мақола” мазкур нашр асосида кейинчалик Эронда бир неча марта қайта нашр этилди. Қазвиний вафотидан кейин Эрон олими Муҳаммад Мўъмин мазкур асар устида илмий иш олиб бориб, тўрт марта нашр эттирди.

Асар рус тилига биринчи марта С.И. Баевский ва 3.Н. Ворожейкиналар томонидан таржима қилиниб, профессор А.Н. Болдирев таҳрири остида 1963 йил Москвада нашр этилди. Бу нашрга А.Н. Болдирев муқаддима ёзган, 3.Н. Ворожейкина тузган изоҳлар ҳам илова қилинган[2]. 

САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ.  Шовосил ЗИЁДОВ, Қодирхон МАҲМУДОВ.
“Имом Бухорий халқаро маркази”, 2017 йил. -Б152


[1] Низомий Арузий ҳаётига оид маълумотлар А.Н. Болдиревнинг “Чаҳор мақола”нинг русча таржимасига ёзилган сўз бошиси асосида ёзилган (Низами Арузи Самарканди. Собрание редкостей или четыре беседы. – М.: 1963). – Б. 127.

[2] Абдуллаев И., Ҳикматуллаев Ҳ. Самарқандлик олимлар. – Т.: Фан, 1969. – Б. 27-28.