АЛОУДДИН УСМАНДИЙ САМАРҚАНДИЙ (1095-1157)(2-қисм)

| طباعة |
المجموعة: Алломалар
تم إنشاءه بتاريخ 03 نيسان/أبريل 2018 الزيارات: 2512

(1-қисм)Абу Саъид Абдулкарим Самъоний “Аз-зайл” асарида зикр қилишича, у ҳақда Марв қозиси Қози Муҳаммад ибн Утба Сойиғий ривоят қилган. Имом Ашраф Алавийнинг отаси Самарқанддаги Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳу мадрасасида дарс олган. Ҳижозга сафар қилиб, Бағдодга ҳожи бўлиб келган ва Самарқандга қайтиб умрининг охиригача дарс бериш ва илмни ёйиш билан шуғулланган. 491/1098 йилнинг шаввол ойида 54 ёшида вафот қилган ва Самарқанддаги машҳур “Чокардиза” қабристонида дафн этилган[1].

Алоуддин Усмандий ҳадис борасидаги илмларини “Садру-ш-шаҳид” номи билан машҳур бўлган Ҳусомиддин Умар ибн Абдулазиз ибн Моза Бухорийдан ўрганган. Аллома устозининг “Шаҳид” деб номланишига сабаб, 536/1141 йил Султон Санжар ва қорахитой Гўрхон орасида рўй берган “Қатавон” жангида қатнашиб, унда Султон Санжар мағлубияти туфайли душман қорахитой Гўрхон қўлидан вафот топади[2]. Шу сабабли, у шаҳидлик мартабасига эришади. Ушбу жангда уламолардан бир жамоаси ўлдирилган бўлиб, аксар олимлар томонидан уларга “шаҳид” даражаси берилган.“Ҳисому-ш-шаҳид”, “Садру-ш-шаҳид”, “Саффору-ш-шаҳид”[3] кабилар шулар жумласидандир.

Аллома, шунингдек, қатор исломий илмларда, айниқса, фиқҳ, ҳадис ва калом, шунингдек, турли мазҳаблар ўртасидаги ихтилофларни ўрганадиган махсус соҳа ҳисобланган илму-л-хилоф бўйича етук олим ҳисобланган. Мазкур соҳалардаги илм аҳллари орасида бўладиган баҳс ва мунозараларда ўзининг чуқур билими, беназир иқтидори ва фавқулодда салоҳияти билан ажралиб турган. Шунинг учун ҳам, у илм аҳли орасида “Ал-алоу-л-олам”(“Оламнинг устуни”), “Ал-ало” (“Устун”), “Ал-алоу-с-Самарқандий”, “Алоуддин” (“Диннинг устуни”) каби юксак номлар билан машҳур бўлган.

Манбаларга таяниб, унинг айрим шогирдларининг исми шарифларини келтирамиз:

Тарихда “Жамолу-л-ислом” лақаби билан машҳур Абулмузаффар Асъад Каробисий (ваф. 1175 й.) аллома шогирдларининг пешқадамларидан ҳисобланади.

Илм оламида яхши маълум бўлган “Ал-ансоб” асарининг муаллифи машҳур Абу Саъид Абдулкарим Самъоний (1113-1167) мазкур асарида: “Ўғлим Абулмузаффар (ваф. 1217 й.) ундан (яъни Муҳаммад ибн Абдулҳамид Усмандий)дан ҳадис эшитган”, – деб келтиради.

Шунингдек, машҳур “Ал-ҳидоя” асарининг муал-лифи, буюк фақиҳ Бурҳониддин Марғинонийнинг (1123-1197) ўғли Шайхулислом Низомиддин Умар ибн Шайхулислом Бурҳониддин Али ибн Абу Бакр Марғиноний ҳам алломанинг шогирдларидан бўлганлиги ҳақида кўплаб маълумотларни учратиш мумкин.

Манбаларда келтирилишича, Абу Муқотил Ҳафс ибн Саҳл Ғозий, Наср ибн Абу Абдулмалик Аткий, Самарқандда қозилик қилган – Исҳоқ ибн Иброҳим Ҳанталий, Шарик ибн Абу Муқотил, Маъруф ибн Ҳассон, Юнус ибн Сабиҳ Самарқандийлар ҳам алло-манинг шогирдлари бўлишган[4].

Ёзма манбаларда алломанинг турли соҳалар бўйича йигирмага яқин асарлар ёзгани қайд этилади. Ҳозирда уларнинг қўлёзма ва микрофильм нусхалари дунёнинг қатор кутубхоналарида сақланмоқда.

Алломанинг илмий-маънавий мероси асосан хорижлик тадқиқотчилар томонидан ўрганилган бўлиб, жумладан, мисрлик ислом ҳуқуқи бўйича мутахассис олим Муҳаммад Закий Абдулбарр, ливанлик олимлар Шайх Али Муҳаммад Муъавваз ва Шайх Одил Аҳмад Абдулмавжуд ҳамда Туркиялик тадқиқотчи  Муҳаммад Саид Узерварли Усмандийнинг бир нечта асарини таҳқиқ қилиб, нашр этти-ришган.

Юртимиз олимлари томонидан алломанинг ҳаёти ва илмий мероси устида тўлиқ тадқиқот олиб борилмаган. Алоуддин Усмандий ҳақидаги баъзи маълумотлар У. Уватов, С. Оқилов ва М. Атаевлар томонидан ёзилган китоб ва диссертацияларда қисқа библиографик кўринишдаги маълумотлар берилган.

Ҳозирги кунда исломшунос олим Отабек Муҳаммадиев алломанинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида илмий-тадқиқот иши олиб бормоқда.

Қуйида алломадан бизгача етиб келган бой илмий-маънавий мерос намуналари ҳақида тўхталамиз:

1. “Ҳасру-л-масоил ва қасру-д-далоил” (“Муайян масалалар ва қисқа далиллар”). Бу асар Нажмуддин Умар Насафийнинг “Ал-манзума фи илми-л-хилоф” “Илму-л-хилофдаги манзума” номли китобига ёзилган шарҳ бўлиб, Истанбулдаги Сулаймония кутубхонасида унинг учта қўлёзма нусхаси сақланади. Алломанинг ушбу асарига кўплаб шарҳлар ёзилган. Имом Суғдий, Абулмафохир Муҳаммад ибн Маҳмуд Судайсий томонидан ёзилган шарҳлар шулар жумласидандир.

2. “Тариқату-л-хилоф фи-л-фиқҳи байна-л-аимма-ти-л-аслоф” (“Ўтган алломалар ўртасида фиқҳ илмидаги ихтилоф йўллари”) асарида фиқҳ илмида фаолият кўрсатган кўплаб олимларнинг қарашлари ва фикр-мулоҳазаларидаги ихтилофларни баён қилган. Ушбу қимматли асар мисрлик олим Муҳаммад Закий Абдулбарр томонидан тадқиқ этилиб, 1990 йилда Қоҳирадаги “Дору-т-турос” матбаасида нашр этилган. 1992 йилда эса Шайх Али Муҳаммад Муъавваз ва Шайх Одил Аҳмад Абдулмавжуд каби олимлар томонидан таҳқиқ қилиниб, Ливан (Байрут)да “Дору-л-кутуби-л-илмия” матбаасида нашр этилган.

3. “Базлу-н-назар фи-л-усул” (“Фиқҳ асосларига чуқур назар”). Бу асар ҳам Миср олими Муҳаммад Закий Абдулбарр томонидан илмий тадқиқ этилиб, 1992 йилда, аввалги асар сингари, Қоҳира шаҳридаги “Дору-т-турос” матбаасида чоп этилган.

4. “Ат-таълиқа фи-л-фиқҳ” (“Фиқҳ илмида изоҳ”) номли асари фиқҳ илмининг фуруъ (тармоқлари) масалаларига бағишланган бўлиб, у бир неча жилддан иборат йирик асардир.

5. “Ал-амолий фи-т-тафсир” (“Тафсир илмида имло қилинган масалалар”) асари ёзма манбаларнинг далолат қилишича, Қуръони каримга бағишланган тафсир ҳисобланади.

6. “Мухталафу-р-ривоя” (“Ривоятларнинг турлилиги”)бу асар фиқҳ илмига оид бўлиб,Мисрнинг “Дору-л-кутуби-л-мисрия” кутубхонасининг Ҳанафий фиқҳи бўлимида 1815-рақамли қўлёзманинг 41789-рақам остида сақланаётган микрофильм нусхасида “Мухталафу-р-ривоя” Муҳаммад ибн Абдулҳамид ибн Ҳусайн ибн Ҳасанга тегишли” деб ёзилган. Асарнинг дастлабки бетлари йўқ. Яна бир бошқа нусхаси эса Мисрнинг “Мустафо Фозил” кутубхонасидаги Ҳанафий фиқҳи бўлимида (119-рақамли қўлёзма 8356-рақамли микрофильми) сақланмоқда.

7.  Ҳанафий мазҳабига оид “Ал-муътариз ва-л-мух-алиф”(“Эътироз қилувчи ва хилоф бўлувчи”) асари.

8. Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад Самарқандийнинг ҳанафий фуруъул фиқҳига доир Уюну-л-масо-ил” (“Масалаларнинг сарчашмалари”) асарига шарҳ.

9. Шайх Нуруддин Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад Собуний Ҳанафийнинг (ваф. 1184 й.) “Ал-ҳидоя фи усули-л-эътиқод ва илми-л-калом” (Эътиқод усули ва калом илми ҳақида ҳидоят) асарига шарҳ[5].

10. “Лубобу-л-калом” (“Калом илмининг жавҳари”) асарининг ҳам икки қўлёзма нусхаси бизгача етиб келган. Улардан бири Истанбулдаги Сулаймония кутубхонасининг Қора Чалабийзода бўлимидаги бир неча қўлёзма асарлар жамланган мажмуага (рақами 347) киритилган. Бу нусха асарнинг энг қадимий нусхаси бўлиб, ундаги кўп ҳарфлар араб тилига хос бўлган нуқталарсиз настаълиқ хатида ёзилган. Нусхани кўчирган хаттотнинг исми Али ибн Нажмуддин бўлиб, қўлёзманинг охирги варағидаги ёзувга кўра бу нусха 702/1303 йилда муаллиф вафотидан кейин қарийб бир ярим аср ўтгач кўчирилган. Асар Истанбулдаги ислом тадқиқотлар маркази доктори Муҳаммад Саид Узерварли томонидан илмий асосда чуқур ўрганилиб, 2005 йилда “Исам яйинлари” нашриёти томонидан нашр этилган.

Асарнинг иккинчи қўлёзма нусхаси Сулаймония кутубхонасидаги Шаҳид Али Пошо бўлимида 1704 рақами остида сақланади. Бу нусха хаттот Юсуф ибн Байрамбек ибн Исмоил ибн Исо томонидан 814/1314 йилда чиройли настаълиқ хатида кўчирилган.

Асар муқаддимасида муаллифнинг “Ҳидоятан ли-л-мубтадий фи тасҳиҳи-л-эътиқод” (“Эътиқодни тўғрилашда илм бошловчига ҳидоят йўли”) деб ёзишидан аён бўладики, у бу асарини эътиқодни соғломлаштириш, тузатиш йўлида дастлабки қадам ташлайдиганларни ҳидоят йўлига бошлаш мақсадида ёзганлигини таъкидлайди. Шу боисдан ҳам, у бу асарини ёзишда ҳанафия мазҳаби олимлари, айниқса, мотуридия эътиқодига қатъий равишда амал қилган.

11. “Шарҳу-л-жомиъи-л-кабир” (“Жомиъу-л-кабир”нинг шарҳи”) номли китоби бизгача етиб кел-ган. Бу асар машҳур Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг (ваф. 804 й.) “Жомиъу-л-кабир” номли китобига ёзилган шарҳдир[6]. Бу шарҳ бир неча жилддан иборат. Аммо бизгача фақат биринчи жилди етиб келган, холос. Бу биринчи жилд “Китобу-с-солат” (“Намоз китоби”), “Китобу-л-имон” (“Имон китоби”), “Китобу-н-никоҳ” (“Никоҳ китоби”), “Китобу-ш-шаҳодат” (“Шаҳодат китоби”), “Китобу-т-талоқ” (“Талоқ китоби”), “Кито-бу-л-масоил” (“Диний масалалар китоби”), “Китобу-з-зимон” (“Йўқолган нарсани қайтариб бериш китоби”), “Китобу-л-қазо” (“Ҳукм китоби”) каби саккиз бобга бўлинади. Ҳар қайси боб ўз навбатида бир неча майда қисмларга ажралади[7].

Аллома мазкур шарҳининг Аҳмад ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Умар Самарқандий деган котиб томонидан 762/1361 йили кўчирилган нодир қўлёзма нусхаси ЎзР ФА ШИда (инв. № 5558) ҳамда Саудия Арабистонидаги Марказу-л-малик Файсал ли-л-буҳус ва-д-диросоти-л-исломийя Мактабату-л-бўстон ли-л-маърифа кутубхонасида (инв. № ف- 1956, ف- 1962 ) сақланмоқда.

САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ.  Шовосил ЗИЁДОВ, Қодирхон МАҲМУДОВ.
“Имом Бухорий халқаро маркази”, 2017 йил. -Б143


[1] Абдулқодир ибн Абулвафо Қураший. Жавоҳиру-л-музийя фи табақоти-л-ҳанафийя. Ж. 2. – Карачи: Мир Муҳаммад кутубхона, 2009. – Б.114 .

[2] Деҳхудо. Луғатнома. “ Ҳ” ҳарфи томи. – Теҳрон: 1338/1920. – Б. 534.

[3] Абдулқодир ибн Абулвафо Қураший. Жавоҳиру-л-музийя фи табақоти-л-ҳанафийя. Ж. 2. – Карачи. Мир Муҳаммад кутубхона, 2009. – Б. 560.

[4] Алоуддин Муҳаммад ибн Абдулҳамид Абулфатҳ Усмандий Самарқандий. Тариқату-л-хилоф байна-л-аслоф. – Байрут: Дору-л-кутуби-л-илмийя, 1992. – Б. 30.

[5] Алоуддин Муҳаммад ибн Абдулҳамид Абулфатҳ Усмандий Самарқандий. Тариқату-л-хилоф байна-л-аслоф. – Байрут. Дору-л-кутуби-л-илмия, 1992. – Б. 31.

[6] Ўрта аср шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий-фалсафий мероси энциклопедияси. – Самарқанд: Имом Бухорий халқаро маркази, 2016. – Б. 394-396.

[7]Абдуллаев И. Ҳикматуллаев Ҳ. Самарқандлик олимлар. – Т.: Фан, 1969. – Б.23.