ЛОМИШИЙ САМАРҚАНДИЙ(1050-1128)

| طباعة |
المجموعة: Алломалар
تم إنشاءه بتاريخ 26 آذار/مارس 2018 الزيارات: 2475

Ҳусайн ибн Али ибн Абулқосим, Абулали Ломиший Самарқандий номи билан танилган муҳаддис ва ҳанафий фақиҳи бўлган. Ибн Касир (1302-1373) “Ал-бидоя ва-н-ниҳоя” асарида “Ал-Ломитиний” деб келтирган. Аллома 441/1050 йил Фарғонанинг Ломиш қишлоғида таваллуд топган. Ўша даврда, илм борасида унга тенг келадиган киши бўлмаган. У киши камтарин одам бўлиб, “амри маъруф ва наҳй мункар” қилиш (“яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш”)да салафи солиҳларнинг йўлини тутган.

Умрининг кўп қисмини Самарқандда илм зиёсида ўтказган. У киши устозлари бўлмиш Қози Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Мансур Насафий, Ҳофиз Абдурраҳмон ибн Абдурраҳим Қассор, Абулали Ҳусайн ибн Абдулмалик Насафийлардан таҳсил олган[1].

Алломанинг ёзган асарлари ҳақида манбаларда маълумотлар келтирилмаган. Олимни 515/1121 йил Мовароуннаҳр ҳукмдори Бағдодга халифа саройига хизмат билан жўнатади. Олим Бағдодга халифанинг ҳузурига боради. 522/1128 йил ўз ишларини тугатганидан кейин, у кишига қайтиб кетишидан олдин ҳаж қилиб кетишини таклиф этилганида, у ўзига топширилган ишни бажаришни истаб ҳаж қилмасдан Самарқандга қайтиб келган[2]. Самъонийнинг айтишича, Самарқанд подшоси Муҳаммад ибн Сулаймон уни Марвга элчи қилиб юборади[3].

Абу Саъид Абдулкарим Самъоний олим тўғрисида бундай дейди: “Абу Бакр Зоҳид Самарқандийнинг бундай деганини эшитганман: “Имом Ломиший билан бир боғда кечани ўтказдим. У киши ярим тунда боғдан чиқиб бир томонга кета бошлади. Мен ҳам унинг ортидан эргашиб кетавердим. Кейин катта, чуқур бир дарёга етди ва кийимларини ечди. Сўнг мато ўраб сувга тушиб, шўнғиб кетди. Сувдан бошини чиқармас-дан анча вақт қолиб кетди. Мен чўкиб кетди деб ўйлаб: “Эй мусулмонлар, шайх чўкиб кетди”, – деб қичқира бошладим. Озгина вақтдан кейин у киши бошини сувдан чақариб: “Эй ўғлим чўкканим йўқ”, деди. Мен “Эй хожам, мен сизни чўкиб кетди деб ўйлабман”, – дедим. У киши: “Чўкмадим, лекин мана шу ерда Аллоҳга сажда қилишни хоҳладим, бу ерда ҳеч ким сажда қилмаган бўлса керак”, – деди[4]. Бундан кўриниб турибдики, аллома етук даражали, бошқаларга ибратли киши бўлганидан далолат қилади. Ломиший Самарқандий Бағдоддан қайтиб келган (522/1128) йилининг Рамазон ойи (сентябр)да саксон бир ёшида вафот этган[5]. 

САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ.  Шовосил ЗИЁДОВ, Қодирхон МАҲМУДОВ.
“Имом Бухорий халқаро маркази”, 2017 йил. -Б114


[1] Шамсуддин Заҳабий. Тариху-л-ислом ва вафоёту-л-машоҳир ва-л-аълом. Ж. 36. – Байрут: Дору-л-китоби-л-арабий, 1987. – Б. 72; Ибн Касир. Ал-бидоя ва-н-ниҳоя. Ж. 12. – Байрут: Дор иҳёу-т-туроси-л-арабий, 1988. – Б. 246.

[2] Абдулқодир ибн Абулвафо Қураший. Жавоҳиру-л-музийя фи табақо-ти-л-ҳанафийя. – Карачи: Мир Муҳаммад кутубхона, 2009. – Б. 215.

[3] Шамсуддин Заҳабий. Тариху-л-ислом ва вафоёту-л-машоҳир ва-л-аълом. Ж. 36. – Байрут: Дору-л-китоби-л-арабий, 1987. – Б. 72. // Заҳабий. Тазкирату-л-ҳуффоз. Ж. 4. – Байрут: Дору-л-кутуби-л-илмия, 1998. – Б. 47.

[4] Абдулқодир ибн Абулвафо Қураший. Жавоҳиру-л-музийя фи табақоти-л-ҳанафийя. – Карачи: Мир Муҳаммад кутубхона, 2009. – Б. 215.

[5] Ибн Касир. Ал-бидоя ва-н-ниҳоя. Ж. 12. – Байрут: Дор иҳёу-т-туроси-л-арабий, 1988. – Б. 246. // Заҳабий. Тазкирату-л-ҳуффоз. Ж. 4. – Байрут: Дору-л-китоби-л-илмия, 1998. – Б. 47.