ТИЛОВАТ САЖДАСИ БОБИ

| Print |
Category: Мунозара
Created on 05 March 2018 Hits: 4301

Тиловат саждасининг сони

Тиловат саждаси Қуръони каримда ушбу ўн тўрт сурада келган:

1. “Аъроф” сурасининг сўнгида.

2. “Раъд” сурасида.

3. “Наҳл” сурасида.

4. “Бани Исроил” сурасида.

5. “Марям” сурасида.

6. “Ҳаж” сурасининг биринчи саждасида.

7. “Фурқон” сурасида.

8. “Намл” сурасида.

9. “Сажда” сурасида.

10. “Сод” сурасида.

11. “Фуссилат” сурасида.

12. “Нажм” сурасида.

13. “Иншиқоқ” сурасида.

14. “Алақ” сурасида.

Усмон Мусҳафида ушбу тартибда берилган. Бу Мусҳаф суяниладиган асосдир.

Ўшбу ўринларда ўқувчига ҳам, эшитувчига ҳам, эшитувчи хоҳ эшитишни қасд қилган бўлсин, хоҳ қасд қилмаган бўлсин, сажда қилиш вожибдир.

Сажда қилишнинг ҳукми

Юқорида зикр қилинган оятлар қироат қилинганда тарохийга кўра (вақтини топиб) сажда қилиш ўқувчига ҳам, эшитувчига вожиб.

Намоз ўқиш фарз бўлмаган инсонларга сажда қилиш ҳам вожиб бўлмайди.

Ҳайз ва нифос кўрган аёллар, болалар, “мажнун”, ақли норасо инсонлар тиловат саждасининг қазосини ҳам ўқимайди. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Эшитганга ҳам, ўқиганга ҳам сажда вожиб бўлади”, – деганлар.

Аммо бу тоифа инсонлардан ҳамда яхши нутқ қила олмайдиган кишидан ҳам сажда оятини эшитган ҳар бир инсон сажда қилиши вожиб. Аммо ухлаб ётган кишидан сажда оятини эшитган ҳар бир инсонга сажда қилиш вожиб бўлмайди.

Қулоғи кар бу оятларни ўқиганда ҳам бошқаларнинг сажда қилиши вожиб.

Имомнинг орқасида турган кимса намоздан кейинги тиловатда сажда оятини ўқиса, имом ҳам, эргашган киши ҳам сажда қилмайди. Чунки намоздаги сажда намознинг ташқарисида қазо сифатида қилинмайди.

 

Сажда оятининг бир-бирига кириб кетиши

Сажда оятини ўқиб, сажда қилмай намозга киришган инсон ушбу намозда юқорида ўқиган сажда оятини ўқиб, кетидан сажда қилса, мазкур сажда ҳар иккала тиловатга кифоя қилади.

Сажда оятини ўқиган кимса сажда қилганидан сўнг намозга киришса ва намозда ҳам ўша сажда оятини ўқиса, унга яна сажда лозим бўлади.

Бир жойда ўтирган киши бир сажда оятини қайта-қайта ўқиса ҳам, уларнинг барчасига битта сажда кифоя.

Сажда оятини бир жойда ўтириб ўқиб, сажда қилгач чиқиб кетса ҳамда ўрнига қайтиб келиб, сажда оятини такрор ўқиса, иккинчи бор сажда қилади. Агар биринчи ўқиганига сажда қилмаган бўлса, унда икки бор сажда қилиши вожиб бўлади.

Ўтирган жой ўрнидан туриш, бир ёки икки қадам юриш ёки бир-икки луқма таом ейиш билан ўзгармайди.

Кема ва улов устида сажда қилиш

Ҳаракатланувчи кема уй кабидир. Улов юраётган пайтида унинг устида туриб сажда оятини қайта-қайта ўқиса, агар намозда бўлса, бир марта; агар намозда бўлмаса, ўқилган миқдорича ҳисобланади. Улов устида сажда ояти ўқилса, ишора билан сажда қилиш жоиз.

Тиловат саждасининг моҳияти

Тиловат саждаси намоз саждасига ўхшайди.

Тиловат саждасини бажармоқчи бўлган киши: “Аллоҳу акбар”, – дейди, аммо қўлларини кўтармай саждага боради. Сўнг: “Аллоҳу акбар”, – деб бошини саждадан кўтаради.

Тиловат саждасида ташаҳҳуд ҳам, салом ҳам йўқ. Чунки салом такбири таҳримали намоздан чиқиш учундир. Тиловат саждасида эса, таҳрима йўқ.

Абу Бакр Розий. ТУҲФАТУ-Л-МУЛУК. А.Муҳиддинов таржимаси.
Имом Бухорий халқаро маркази, 2016 йил. -Б.116-119