Видеолавҳалар
Харита
Марказимиз китоблари
Фотогаллерия
Меҳмонлар

Mehmonlar

Яндекс.Метрика

Сурхон воҳасидаги муқаддас зиёратгоҳлар ва аҳоли диний ҳаёти (2-қисм)

Created on 02 March 2018 Hits: 5800

Муқаддас жойлар кўп ҳолларда қадимий қалъалар атрофида жойлашганлиги билан ажралиб туради. Масалан, Музработ туманида жез даврига оид Сополлитепа, Кампиртепа (III а.), Қоракамар ғорлар мажмуаси ва бошқа қадимий ёдгорликлар сақланган.

Тумандаги Навбаҳор маҳалласи Музработ қишлоғида XV асрга оид Музработ ота (Бузрук ота) муқаддас жойи жойлашган.

Зиёратгоҳларнинг катта қисми мазкур ўлкада фаолият олиб борган машҳур шахслар исмлари билан боғлиқ. Масалан, Шеробод туманида буюк ҳадис илмининг асосчиларидан бири, аллома, кўплаб асарлар муаллифи, муҳаддис олим – Абу Исо ат-Термизий (X–XI аа.) зиёратгоҳи бўлиб, у туманнинг шарқий томонидан олти километр масофадаги «Улаш Туропов» жамоа хўжалиги ҳудудидаги катта қабристон ёнида жойлашган. Бу ерда ислом оламида «Сиҳоҳи ситта» («Олти ишончли тўплам») номи билан машҳур ҳадис китобларидан бирининг муаллифи, буюк муҳаддис Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий дафн этилган. Ушбу зиёратгоҳ халқимиз маънавияти юксалишида, дунёвий ва диний билимларни мукаммал ўрганишда, ахлоқ-одоб, инсонпарварлик ғояларини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, туманда Атоулла Саид Ваққос, Ахтам саҳоба, Сулаймон ота, Жамолмерган ота, Хўжамуқон ота, Хўжанқо ота, Қайриёғоч ота, Саййид ота, Боботепа, Чўпон ота, Қирқчилтон ота, Кўктош Валий, Чўлпон ота, Работак қабристони каби зиёратгоҳлар мавжуддир. Аҳоли уларни саҳобалар, илк араб саркардалари номлари билан боғлайди. Эътироф этиш лозимки, Ахтам саҳоба (Наманган, Тошкент вилоятлари), Чўпон ота (Самарқанд вилояти), Қирқчилтон ота культлари Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам маълумдир.

Атоулла Саид Ваққос зиёратгоҳи (X–XI аа.) Шеробод тумани марказида, дарё бўйида жойлашган. Бу зиёратгоҳ Атоулла Эшон Мир- Хайбар номи билан аталади. Ўтказилган сўровномалардан маълум бўлишича, ушбу шахс – араб юришлари даврида машҳур қўмондон бўлган саҳоба Саъд ибн Аби Ваққосдир[1].

Ахтам саҳоба зиёратгоҳи (X–XI аа.) Шеробод тумани Чиғатой қишлоғида жойлашган. Бу мақбара Муҳаммад пайғамбарнинг сарбози, Ҳазрат Алининг яқин қариндоши, саркарда Ахтам саҳобага атаб қурилган[2].

Шунингдек, Шерободнинг тоғли ҳудудидаги Хўжамуқон қишлоғида Хўжамуқон ота зиёратгоҳи жойлашган. Қишлоқ мазкур авлиё номи билан аталади. Авлиё ҳақида бир жумла ривоятлар кенг тарқалган.

Шеробод тумани Талашқон маҳалласида Қирқчилтон ота, Дўстлик маҳалласида Кўктош Валий, Навбоғ қишлоғида Чўлпон ота зиёратгоҳлари мавжуд. Маълумки, Қирқчилтон культи Марказий Осиёда кенг тарқалган. Туманда аҳоли томонидан зиёрат қилинадиган Работак қабристони ҳам жойлашган. Одатда ҳар қандай қабристон зиёратгоҳ бўлмаслиги мумкин.

Қизириқ туманидаги Такия ота зиёратгоҳи (тах. XII а.) аҳоли орасида кенг маълум. «Такия» ва «работак» сўзлари суфийлар қароргоҳи маъносини билдиради. Биринчи зиёратгоҳ Охунбобоев жамоа хўжалигининг Такия ота маҳалласида жойлашган, бу мақбарада хоки ётган киши ҳақида айтилган айрим ривоятлардан бошқа маълумотлар сақланмаган[3].

Бойсун тумани Омонхона қишлоғида жойлашган Ҳазрат Султон Валий (XIV а.) зиёратгоҳи ҳақида ёзма тарихий манбаларда маълумотлар мавжуд эмас. Ривоятларга кўра, Ҳазрат Султон Валий XIV асрда Балхда туғилиб, ўзига устоз излаб, Сиддиқ саҳоба билан бирга ҳозирги Омонхона дарасига келиб жойлашган. Шу ерда қирқ кун чиллада ўтириб, «Балогардон» лақаб отига эга бўлган. Ўлимидан сўнг шу ерда дафн этилган[4]. Бойсундаги Паданг қишлоғида жойлашган Хўжақўшқарон объекти муқаддас зиёратгоҳ сифатида маҳаллий аҳоли томонидан эъзозланиб келинади. Аммо Дафн этилган шахс ҳақида маълумотлар унинг тарихини аниқлаш имконини бермади.

Қумқўрғон туманидаги Қоптўқай қишлоғида жойлашган Хожа Самандар ат-Термизий зиёратгоҳи XVII–XVIII асрларда яшаб, салкам юз йил умр кўрган, замондошлари томонидан оловқалб, ўткир тилли, дея таърифланган Хожа Самандар Муҳаммад ибн Бақо ат-Термизий номи билан боғлиқ. У ўз замонасида арбоб, ҳуқуқшунос, адолат соҳиби, элчи, жангчи ва тарихчи олим сифатида танилган[5]. Бу ерга яқин жойда ака-ука авлиёлар – Саййид Камол ва Саййид Жамоллар дафн этилган бўлиб, у жой зиёратгоҳга айланган.

Бандихон туманидаги Шакарли ота, Бектепа, Улуғсой, Шўрчи тумани Озод жамоа хўжалигидаги Ҳайдарқул ҳожи бобо зиёратгоҳлари маҳаллий ҳудуддагина маълумдир. Авлиёлар ҳақидаги ривоятлар Марказий Осиё учун умумий бўлган тушунчалар билан кифояланади. Шу сабабли улар ҳақида батафсил тарихий маълумотлар сақланмаган.

Олтинсой туманида 14 та муқаддас қадамжолар ўрганилди. Ушбу муқадас жойларда кароматли авлиёлар, тасаввуф намояндалари, олимлар, эшонлар дафн этилган. Улар ичида энг машҳури – Хидиршо зиёратгоҳи (XIV а.) бўлиб, у Хидиршо қишлоғида жойлашган. Бу жой Хизр пайғамбарнинг қадамжоларидан бири, деб ҳисобланади[6].

Сўфи Оллоёр зиёратгоҳи (XVII–XVIII аа.) Катта Вахшивор қишлоғида жойлашган бўлиб, у ерда ўзбек мумтоз адабиёти, тасаввуф илми анъаналарининг давомчиси сифатида ўзига хос мактаб яратган шоир ва мутафаккир Сўфи Оллоёр (1644–1721)нинг хоки ётибди[7]. Вилоятда ушбу олимнинг таъсир доираси нақадар кучли эканини унинг номи билан боғлиқ зиёратгоҳларнинг кўплигидан ҳам билиш мумкин. Зеро, Пахтакор жамоа хўжалигидаги Оқарбулоқ қишлоғининг охирида жойлашган Масжид ота зиёратгоҳи ҳам Сўфи Оллоёр қадамжоси (XVII–XVIII аа.) ҳисобланади. Ривоятга кўра, Сўфи Оллоёр халифалари билан Самарқанддан чиқиб, ҳозирги зиёратгоҳ жойига тўхтаган. Ерли аҳоли бу жойни мазкур авлиёнинг қадамжоси ҳисоблаб, унинг яқинида кичик масжид бунёд этган. Натижада бу объект зиёратгоҳга айланган. Ўша пайтдан бошлаб, бу жой Масжид ота деб аталган[8].

Тасаввуф илмининг намояндаси Хўжа Муҳаммад Мавлоно Зоҳид зиёратгоҳи (XVII а.) Кичик Вахшивор қишлоғида жойлашган. Мазкур авлиё Мирзо Улуғбек замонида Самарқанд мадрасасида сабоқ берган мударрис, фалакиёт ва риёзиёт илмлари соҳиби бўлган Хўжа Муҳаммад Балхийнинг набираси. У тасаввуф тариқатининг фидоийси бўлган[9].

Зиёратгоҳларга хос яна бир нарса шундаки, унинг ҳудудида бирор қадимий дарахт ёки булоқ мавжуддир. Масалан, Олтинсой туманидаги Хўжасоат қишлоғи чеккасида жойлашган Қурбон Соат зиёратгоҳида (XVII а.) қадимий азим тут дарахти ўсади. Бу жой XVII асрнинг ўрталарида яшаган ислом илмининг билимдони Қурбон ўғли Соат дафн этилганлиги сабабли Қурбон Соат остонаси деб аталган[10].

Сурхондарёдаги зиёратгоҳларнинг кўпинча баланд тепаликлар ва адир ерларда жойлашиши рамзий маънода қадамжо билан номи боғлиқ шахсларнинг халқ томонидан улуғланишини англатади. Оқ олтин маҳалласига қарашли Миршоди қишлоғидаги катта адир ёқасида жойлашган Хўжайгор ёки Авлиё ота зиёратгоҳи (XVIII–XIX аа.) ана шундай маконда жойлашган[11]. Шунингдек, ушбу қишлоқдаги Кийик ота зиёратгоҳи (XVIII–XIX аа.) ҳам баландликдан ўрин олган бўлиб, икки томони адирлик, ўртада эса катта сой оқади. Зиёратгоҳ ана шу сой ёқасида жойлашган. Оддий пахса билан ўралган бу қадамжонинг девори вақт ўтиши билан нураб кетган. Ўртада турган қабр оддий тупроқ билан баланд қилиб кўтарилган. 200–250 йиллик ушбу зиёратгоҳга ҳаётлик чоғида овчилик билан шуғулланган кароматгўй авлиё дафн этилган. Марҳум васиятга кўра, уни ўлимдан сақлаб қолган бир кийикнинг ёнига кўмишган[12]. Ёввойи ҳайвонлар культи бу ва бошқа ерларда ўзини намоён қилади.

Қабристонларнинг юксак мавқега эга бўлишида зиёратгоҳлар алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Масалан, саййид авлодидан бўлган Биби Зайнаб мома дафн этилган зиёратгоҳ (XIX а.) кейинчалик қабристонга айланган. Биби Зайнаб моманинг бевосита авлодлари ва маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам шу жойга дафн қилинганлар[13].

Олтинсой тумани муқаддас зиёратгоҳларга бой бўлган ҳудудлардан ҳисобланади. Туманда VI–VII асрларда яшаган саҳобалардан бири, ислом динини тарғиб қилишда фаоллик кўрсатган Хўжа Ҳасан Илғорий шарафига барпо этилган «Каптархона» номи билан танилган зиёратгоҳ (XIX–XX аа.) мавжуд.

Маданият қишлоғи юқорисида жойлашган Бобур маҳалласининг Қорлиқ маҳалласи билан чегарадош ерда Якка тут бобо зиёратгоҳи (XVIII–XIX аа.) бўлиб, тумандаги Қорлиқ маҳалласида, асосан эшонлар ва уларнинг авлодлари дафн этилган катта гумбазли Қорахон Эшон бобо зиёратгоҳи (XIX–XX аа.) жойлашган. Мазкур шахс хўжалар оиласига мансуб оқсуяклар табақаси вакилларидан ҳисобланади. Хўжаи Пок ота, яъни саҳоба Абдураҳмон ибн Авф зиёратгоҳи ҳам туман ҳудудидаги тоғ ёнбағрида жойлашган[14].

Хўжа Соат маҳалла марказидан 400–500 метрлар чамаси юқорида, йўлнинг ўнг томонида машҳур саҳоба Саъд ибн Аби Ваққос (ваф. 674) номи билан боғлиқ зиёратгоҳ бор[15]. Саҳобалар культининг пайдо бўлиши ва ривожланишида Марказий Осиёга қилинган илк араб юришларида қатнашган аввалги ислом қаҳрамонлари қатнашганлиги факти муҳим роль ўйнаган.

Туманнинг Хўжаи Барку тоғидаги Ушр қишлоғида Хўжаи Ҳисор зиёратгоҳи жойлашган[16]. У қадимги қалъа культи асосида ривожланганлиги «ҳисор» сўзидан кўринади.

Сурхондарё вилоятининг Денов туманида олтита зиёратгоҳ мавжуд. Улардан бирида мовароуннаҳрлик мутасаввиф олим, авлиё Баҳоуддин Нақшбанднинг халифаси ва куёви Алоуддин Аттор Валий дафн этилган (ваф. 1400)[17].

Сангардак тоғида зиёратгоҳ бўлиб, у ерда катта айлана тош борлиги сабабли (форсийда «санги гирдак» – «айлана тош, юмалоқ тош» маъносини билдиради) Сангардак деб номланади. Шунингдек, тоғ ҳудудида «илғор, пешқадам Хўжа» маъносини билдирувчи Хўжаи Илғор[18], тоғнинг 100 метр тепалигидан оппоқ сув оқиб тушадиган жойда қадимий Шарра мозор[19], тоғ остида Хўжаи Хубон (яхшилар Хўжаси)[20] зиёратгоҳлари бор. Гўзал табиат объектлари билан боғлиқ муқаддас жойларнинг кўп бўлиши Сурхон замини зиёратгоҳларининг ўзига хослигини кўрсатади. Шунингдек, халқ томонидан зиёрат қилинадиган, аммо шахси номаълум бўлган Ҳазрати Султон зиёратгоҳи Хайробод манзилгоҳида жойлашган, маҳаллий аҳоли бу шахс ҳақида маълумотга эга эмас. Бошқа бир глмаълум объект – Кўппак ота зиёратгоҳи Ғалаба маҳалласи ҳудудида жойлашган. Маълумки, ит образи суфийлик тариқатлари таълимотларида кенг тарқалган ҳодиса саналади.

Сўнгги давр вакилларининг авлиёлик даражасига эришиш ҳолатларини учратишимиз мумкин. Масалан, Сариосиё тумани ҳудудида 100–200 йил аввал (XVII–XIX аа.) Хуфор қишлоғида яшаган, халқ орасида кароматли авлиё сифатида катта ҳурматга сазовор бўлган – Каримқул домла зиёратгоҳи мавжуд[21].

Узун туманида 17 та муқаддас қадамжо мавжуддир. Таъкидлаш лозимки, улар ҳақида тарихий маълумотлар оз. Уларни қиёсий ўрганиш қуйидагиларга асос яратиб берди.

Сурхон дарёсининг чап қирғоғида Серҳаракат маҳалласидаги Оқ Остона бобо қишлоғида машҳур саҳоба, ровий, фақиҳлардан бири бўлган Абу Ҳурайра (602–679) номи билан боғлиқ Оқ Остона бобо зиёратгоҳи (X–XI аа.) жойлашган[22]. Абу Ҳурайра культи тарқалиши сабаблари ҳозиргача яхши ўрганилган эмас. Ҳар ҳолда у ҳадис илмининг Марказий Осиёда VIII–IX асрларда ривожланиши ва муваффақият қозониши билан боғлиқдир.

Булоқлар культи махсус эслатиб ўтишни талаб этади. Улар ҳаёт экологияси асосини ташкил этади. Хурсандтоғ тепасидаги муз қатламларида жойлашган Чош қишлоғида Хўжаи Пирях (Қари муз хўжаси)[23], Хонжиза маҳалласидаги Хонжиза қишлоғида Хурсанд тоғидан оқадиган дарёнинг бўйида Чашми дивонаҳо (Девоналар булоғи) зиёратгоҳлари жойлашган. Бу ерда қадимги булоқ катта тошнинг орасидан қайнаб чиқади. Қишлоққа кириш қисмининг ўнг томонида тераклар кўп бўлганлиги учун «Кўк тераклар булоғи»[24], Десурх қишлоғидаги Қизилсой бўйида «Оби сурхон», Найҳо тоғининг тагида «Шайхлар булоғи» деб аталувчи булоқлари билан машҳур[25].

Шаҳидлар культи ҳам кенг тарқалган. Масалан, Хонжиза маҳалласида Шоҳидон тоғининг остида шаҳидлар учун тош билан ўралган Шаҳидон мозороти (Шаҳидлар мозори) бўлиб[26], Нилу қишлоғининг тугашида Чош тарафда, дарёнинг бўйида, писта боғидаги Писта мозоротида ўнтача қабр мавжуд. Бу қабрлар ҳам шаҳидлар қабри ҳисобланиб. Нилу қишлоғи ўртасидаги муқаддас саналадиган ҳовузда балиқларни ҳеч ким емайди. Аҳоли шу ҳовуздан сув ичади.

Қишлоқдаги Шўрткўл деган сойликнинг тепасида зиёратгоҳ бўлиб, у халқ орасида Мирзо Бобораҳим Машраб ва Сўфи Оллоёр учрашган жой сифатида улуғланади. Нилу қишлоғининг юқорисидаги Кенггузар қишлоғига етмасдан чап томонда Қорақиз адиридаги Қўтирбулоқ зиёратгоҳида, қишлоқнинг тепасидаги Чашмаи Бибиҳур – Бибинур мозорида муқаддас булоқлар мавжуд. Нилу қишлоғининг кунботар тарафида тоғнинг тепасида ҳам шифобахш сув чиқадиган булоқ бўлиб, у Чашмаи Соро зиёратгоҳи деб аталади[27].

Дарахтлар культига алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Хонжиза маҳалласи йўлининг чап томонида, қишлоқдан анча узоқда Мозори Тўқ зиёратгоҳи жойлашган бўлиб, унинг атрофида дўлана дарахти бор[28]. Хонжиза маҳалласи Дебодом қишлоғининг тепасида Хўжаи Мурид зиёратгоҳи, ундан сал юқорироқда Дарвозаҳо зиёратгоҳи жойлашган бўлиб, бу ерда тоғнинг уч жойидан сув чиқиб туради[29]. Хонжиза жамоа хўжалиги Хўжаи Асмин қишлоғи тепасида Кўйи сафет (Оқ тоғ) этагида Қирқ қиз (Чил духтарон) зиёратгоҳи жойлашган. Тоғ оппоқ кўрингани ва тепасида доим қор бўлгани учун шундай деб аталади. Тоғ орасида қирқта арча бор. Бу ерда Шакарсиб (Шакар олма) булоғи ҳам бор[30]. Хўжаи Асмин номли авлиё билан боғлиқ зиёратгоҳ қишлоқ тепа қисмидаги Кўйи сафет тоғи этагида жойлашган[31].

Олиб борилган тадқиқотлар Сурхондарё вилоятида жами 64 та зиёратгоҳнинг мавжудлигини аниқлаш имконини берди. Уларнинг аксариятини вилоят ва ҳудудий-маҳаллий миқёсда машҳур бўлган зиёратгоҳлар ташкил этади.

Сурхондарё воҳасидаги муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжолар тарихий-географик жойлашуви жиҳатидан қуёш нури тик тушадиган, тупроғи ва иқлими тоза, аҳоли зиёрат қилиши учун қулай бўлган ҳудудларда жойлашган бўлиб, маҳаллий аҳолининг маънавий дунёқарашига ижобий таъсир этадиган тарбия маскани сифатида муҳим аҳамиятга эгадир. Айниқса, уларнинг баланд тепаликларда жойлашганлиги, гўзал табиати, сўлим ва салқин ҳавоси зиёратчилар сонининг йилдан-йилга ортиб боришига сабаб бўлмоқда. Бу ерда уларнинг дам олишлари, тиловат қилишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ушбу зиёратгоҳлар давлат назорати асосида жамиятимиз ривожига, миллий ғоя ва туйғуларимизни янада мукаммал ривожланишига ҳисса қўшадиган маънавият марказлари сифатида хизмат қилмоқда.

Манба:tiu.uz
Санобар Жўраева,
тарих фанлари номзоди

 

[1]Аршавская В.А., Ртвеладзе Э.В., Хакимов З.А. Средневековые памятники Сурхандарьи. – Т.: Литературы и искусства им. Г. Гуляма, 1982. – С. 110 (бундан кейин: Аршавская В.А., Ртвеладзе Э.В., Хакимов З.А. Средневековые памятники Сурхандарьи).

[2] Зоҳидов П.Ш. Меъмор олами. – Т.: Қомуслар Бош таҳририяти, 1996. – Б. 79.

[3] Турсунов С., Қурбонов А., Турсунов Н., Пардаев Т. Ўзбекистон тарихи ва маданияти – Сурхондарё этнографияси. – Т.: А.Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, 2006. – Б. 98.; Равшанов Рустам Ҳожи, 1930 йилда туғилган, мақбара шайхи. – 2004 йил, июнь. – Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани Такия ота қишлоғи.

[4] Холмирзаев А. Сурхондарёнинг табаррук зиёратгоҳлари. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат, 2001. – Б. 33 (Бундан кейин: Холмирзаев А. Сурхондарёнинг табаррук зиёратгоҳлари).

[5] Хожа Самандар ат-Термизий. Машриқ замин ҳикмат бўстони (Дастур ул-мулук). – Т.: Шарқ, 2004. – Б. 18.

[6] Пардаев М. Олтинсой зиёратгоҳлари. Она қишлоғим. – Т.: Ёзувчи, 2003. – Б. 35 (бундан кейин: Пардаев М. Олтинсой зиёратгоҳлари. Она қишлоғим).

[7] Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита маълумотномаси. – Тошкент, 2004 йил, февраль. – Баённома № 1.

[8] Пардаев М. Олтинсой зиёратгоҳлари. Она қишлоғим. – Б. 31.

[9] Холмирзаев А. Сурхондарёнинг табаррук зиёратгоҳлари. – Б. 35–36.

[10] Пардаев М. Олтинсой зиёратгоҳлари. Она қишлоғим. – Б. 27.

[11] Пардаев М. Олтинсой зиёратгоҳлари. Она қишлоғим.– Б. 31–32.

[12] Ўша асар. – Б. 29–30.

[13] Ўша асар. – Б. 33.

[14] Ўша асар. – Б. 18–34.

[15] Қаранг: Ибн ‘Асқалоний. ал-Исоба фи тамйиз ас-саҳоба. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-‘илмийа, 1995. 3-ж. – 473 б.

[16] Дала тадқиқотлари. – 2004 йил, июль. – Сурхондарё вилояти, Олтинсой тумани, Ушр қишлоғи.

[17] Маманазаров А., Сатторов Б. Денов дурдонаси. – Т.: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Адабиёт жамғармаси, 2001. – Б. 13–16.

[18] Дала тадқиқотлари. – 2004 йил, июль. – Сурхондарё вилояти, Денов тумани, Сангардак қишлоғи.

[19] Эрназаров Фарҳод, 1931 йилда туғилган, Шарра мозор зиёратгоҳи шайхи. – 2004 йил, июль. – Сурхондарё вилояти, Денов тумани, Сангардак қишлоғи.

[20] Дала тадқиқотлари. – 2004 йил, июль. – Сурхондарё вилояти, Денов тумани, Сангардак қишлоғи.

[21] Холмирзаев А. Сурхондарёнинг табаррук зиёратгоҳлари. – Б. 43.

[22] Пугаченкова Г.А. Ак-Астана баба // Советская археология. – Тошкент, 1960. № 3. – Б. 24.

[23] Дала тадқиқотлари. – 2004 йил, июль. – Сурхондарё вилояти, Узун тумани, Чош қишлоғи.

[24] Дала тадқиқотлари. – 2004 йил, июль. – Сурхондарё вилояти, Узун тумани, Хонжиза қишлоғи.

[25] Дала тадқиқотлари. – 2004 йил, июль. – Сурхондарё вилояти, Узун тумани, Десурх қишлоғи.

[26] Дала тадқиқотлари. – 2004 йил, июль. – Сурхондарё вилояти, Узун тумани, Хонжиза қишлоғи.

[27] Дала тадқиқотлари. – 2004 йил, июль. – Сурхондарё вилояти, Узун тумани, Нилу қишлоғи.

[28] Дала тадқиқотлари. – 2004 йил, июль. – Сурхондарё вилояти, Узун тумани, Хонжиза қишлоғи.

[29] Дала тадқиқотлари. – 2004 йил, июль. – Сурхондарё вилояти, Узун тумани, Дебодом қишлоғи.

[30] Яна қаранг: Муҳаммад Юсуф Маъюсий Хондизагий. Тачаллои ишқ. – Душанбе, 2003. – 44 б.

[31] Дала тадқиқотлари. – 2004 йил, июль. – Сурхондарё вилояти, Узун тумани, Хўжаи Асмин қишлоғи.

Add comment


Security code
Refresh

ХАЛҚАРО АЛОҚАЛАР
Кўп ўқилган
Имом Бухорий сабоқлари журнали
Янгиликлар
  • 1
  • 2
  • 3
ИБХИТМ ВА АҚШ ТИНЧЛИК ИНСТИТУТИ ҲАМКОРЛИГИДА СЕМИНАР-ТРЕНИНГ ЎТКАЗИЛДИ

ИБХИТМ ВА АҚШ ТИНЧЛИК ИНСТИТУТИ ҲАМКОРЛИ…

26-07-2018 Hits:5527

26 июль куни АҚШ Тинчлик институтининг Марказий Осиё ва Афғонистон дастурлари бўйича директори Скот Ворден, АҚШ тинчлик институтининг катта илмий... Batafsil...

Самарқанд гавҳари

Самарқанд гавҳари

26-07-2018 Hits:5556

Давлатимиз раҳбари 2016 йил 18 октябрда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг очилиш маросимида Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик... Batafsil...

ИБХИТМ ва СамДУ ҳамкорлигида халқаро семинар‑тренинг бўлиб ўтди

ИБХИТМ ва СамДУ ҳамкорлигида халқаро сем…

25-07-2018 Hits:5650

2018 йил 24 июль куни Самарқанд давлат университетида ИБХИТМ ҳамкорлигида АҚШ Глобал илмий нашрлар директори Парвиз Моривидж ва Нью‑Йорк Бингемтон... Batafsil...

Имом Бухорийга муносиб авлод бўлайлик

Имом Бухорийга муносиб авлод бўлайлик

23-07-2018 Hits:5703

20 июль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг мажлислар залида “Имом Бухорийга муносиб авлод бўлайлик”... Batafsil...

Ҳиндистон Ислом Маданияти маркази раҳбари Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот марказига ташриф буюрди.

Ҳиндистон Ислом Маданияти маркази раҳбар…

16-07-2018 Hits:5386

15 июлъ куни Ҳиндистон Ислом Маданияти маркази раҳбари Cиражуддин Қуреший Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди. Меҳмонни Имом Бухорий халқаро илмий‑тадқиқот... Batafsil...

Илмий ишланмаларни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар грант ажратилади

Илмий ишланмаларни қўллаб-қувватлаш учун…

20-07-2018 Hits:5719

Президент Шавкат Мирзиёев Ядро физикаси институтида   Фанлар академияси ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан мулоқот қилди.  Мамлакатимизда... Batafsil...

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Саудиядаги “Сунна ва турос ан-набавий маркази” ўртасида илмий-тадқиқот ва қўлёзмаларни ўрганиш бўйича ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марк…

06-07-2018 Hits:4690

Жорий йилнинг 1–5 июлъ кунларида Малайзия Республикасида бўлиб ўтган “Қўлёзмалар ва тарихий ҳужжатларга бағишланган иккинчи халқаро конференция” ва “Қўлёзмаларни ўрганиш усуллари”... Batafsil...

МАЛАЙЗИЯ ИСЛОМ ИЛМЛАРИ УНИВЕРСИТЕТИ (USIM) ВА ИБХИТМ ЎРТАСИДА ХАЛҚАРО АЛОҚАЛАРНИ ЎРНАТИШ БЎЙИЧА КЕЛИШУВ БИТИМИ ИМЗОЛАНДИ

МАЛАЙЗИЯ ИСЛОМ ИЛМЛАРИ УНИВЕРСИТЕТИ (USI…

04-07-2018 Hits:4742

2018 йил 3-июль куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакиллари ва Малайзия ислом илмлари университети ректори профессор, Датоъ Муса Аҳмад... Batafsil...

МАРКАЗ ИЛМИЙ ХОДИМЛАРИ ХАЛҚАРО ҚЎЛЁЗМАЛАРНИ ЎРГАНИШ ЎҚУВЛАРИДА

МАРКАЗ ИЛМИЙ ХОДИМЛАРИ ХАЛҚАРО ҚЎЛЁЗМАЛА…

27-06-2018 Hits:3882

  Олдин хабар берганимиздек, Марказ илмий ходимларидан 3 нафари – О.Муҳаммадиев (Илмий котиб), Т.Эвадуллаев (Диний-маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи) ва Й.Исаев. (Қўлёзмалар... Batafsil...