НАМОЗНИНГ АРКОНЛАРИ(9-қисм)

| Print |
Category: Мунозара
Created on 28 February 2018 Hits: 4242

(8-қисм)Узрли кишининг намози

Бемор тик туриб намоз ўқишга ожиз бўлса, рукуъ ва саждаларни қилиш шарти билан ўтириб ўқийди. Агар рукуъ ва саждага ҳам қодир бўлмаса, ўтириб, имо-ишора билан ўқийди. Бунда саждани рукуъга қараганда пастроқ қилади.

Саждада бошини ерга қўя олмайдиган киши бирон нарсани баланд қилиб қўйиб, ўшанга сажда қилади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) дедилар: “Касал киши туриб ўқийди, агар унга қодир бўлмаса, ўтириб ўқийди. Унга ҳам қодир бўлмаса, имо-ишора билан ўқийди, унга ҳам қодир бўлмаса Аллоҳ таоло унинг узрини қабул қилишга ҳақлироқдир”.

Ўтириб ўқишга ҳам қодир бўлмаган инсон иккала оёғини қибла томонга узатиб, орқаси билан ётади ва ишора билан рукуъ ва сажда қилади. Ёнбошлаб ётса ва юзи қиблага қараган бўлса, шу ҳолатда ишора қилиб ўқиса, жоиз. Аммо афзали юқорида келтирилганидир. Чунки ибодат “Тоқатларинг етгунга қадар Аллоҳдан қўрқинглар”  оятига мувофиқ тоқатга кўра бўлади. Боши билан ҳам ишора қилишга қудрати етмаса, (узрли бўлгани учун) бу инсондан намоз вақтинча кечиктириб турилади. Лекин тузаладиган бўлса, унинг бўйнидан ҳеч ҳам намоз соқит бўлмайди. Шунингдек, у бошидан бошқа, яъни кўзи, қалби ва қоши каби аъзолари билан ишора қилиб намоз ўқиш жоиз эмас.

 Фақатгина қоим туришга қодир бўлса

Агар тик туришга қодир бўлса-ю, лекин рукуъ ва сужудга қодир бўлмаса, қиём шарт бўлмайди, балки ўтириб ишора билан ёки тик туриб ўқийди. Аммо биринчиси, яъни ўтириб ишора билан ўқиш афзалдир.

 Намоз ўқиб турган пайтда бетоб бўлиш

Кимки намоз ўқиб турган бир пайтда бемор бўлиб қолса, тоқати етгунига қараб намозини давом эттиради.

Касаллик сабаб ўтириб намоз бошлаб, сўнг саломат бўлиб қолган инсон келган еридан тик туриб намозини давом эттиради.

Намознинг бир қисмини ишора билан ўқиган одам, ибодати давомида соғайиб кетса, намозни бошқатдан ўқийди.

Узрли киши намозни қазо қилиши

Бир одам ҳушидан кетиб, бу ҳолат бир кеча-кундуз ёки ундан озроқ давом этса, ўзига келгандан сўнг намозлари қазосини ўқиб беради. Аммо агар бешта намоздан кўпроғи қазо бўлган бўлса, ҳеч бирини ўқимайди. Бу ҳукм истеҳсон жиҳатдандир. Қиёсга кўра, комил намоз вақтини беҳушлик тўла эгаллаган бўлса, ҳеч қайсисини қазо қилиб ўқимайди. Бу ҳукм ухлаб қолган кишига тааллуқли эмас. Чунки у қазо қилиб ўқийди.

Бемор соғломлик пайтида ўтган намозлари қазосини ҳолатига қараб ўқийди, аммо соғлом инсон бетоблик дамларида ўқимай қолган намозларини тўлиқ ўқийди.

 Қазо намозларини ўқиш

Кимки бир намозни ўтказиб юборса, ёдига тушган заҳоти, вақти кирган намоздан аввал ўқийди.

Вақти кирган фарз намозининг вақти ўтиб кетиши ёки у кароҳият вақтига тушиб қолиши ёки янги ва эски қазо намозларининг сони олтита бўлишидан қўрқса, бундан мустасно.

Вақти ўтиб қазо бўлган олтита намоздан бирини ўқиса, тартиб яна ўз ўрнига қайтади.

Агар қазо намозлар олтитадан ортиб кетса, тартибга риоя қилинмайди. Бу ҳолатда қазо намозларининг орасидаги тартиб соқит бўлади ва вақти кирган намоз аввал ўқилади.

 

Азондан сўнг масжиддан чиқиш

Масжидга кирганидан сўнг азон айтилган одамнинг намоздан аввал у ерни тарк этиши макруҳ. Имом ва муаззин бундан мустасно. Чунки улар ўз жамоатига боришга ҳақли. Бундан ташқари, улар фарз намозини ўқиган бўлиши ҳам мумкин. Бундай ҳолда уларга масжиддан чиқишга рухсат берилади.

Аммо чиқмасдан туриб иқомат айтилса, пешин ва хуфтон намозларида нафл ният қилган ҳолатда имомга иқтидо қилади. Бошқа аср ва бомдоддан кейин нафл ўқиш макруҳлиги, шомда эса яна бир ракаат йўқлиги сабаб масжиддан чиқиб кетади.

 

Бомдод намозига қомат айтиш билан икки ракаат суннат намозини ўқиш

Имом бомдод намозини ўқиб турган вақтида бирор киши кириб келса, агарчи имом билан бир ракаат намоз ўтиб кетишидан қўрқса ҳам, суннат намозини масжиднинг ташқарисида ўқийди, сўнг имомга иқтидо қилади. Аммо икки ракаат ўтиб кетишидан қўрқса, суннатни ўқимайди ва имомга эргашади. Кейин, суннат намозини қазо қилиб ҳам ўқимайди.

Пешиннинг суннатини қазо қилиш

Пешиннинг суннати юқорига зикри ўтган мазкур иккила ҳолатда ҳам ўқилмайди. Лекин қазо ўқилади. Бу масала суннат намозлари бобида тўлиқ ёритилган. 

Абу Бакр Розий. ТУҲФАТУ-Л-МУЛУК. А.Муҳиддинов таржимаси.
Имом Бухорий халқаро маркази, 2016 йил. -Б.107-110