Видеолавҳалар
Харита
Марказимиз китоблари
Фотогаллерия
Меҳмонлар

Mehmonlar

Яндекс.Метрика

Сурхон воҳасидаги муқаддас зиёратгоҳлар ва аҳоли диний ҳаёти

Created on 28 February 2018 Hits: 3975

Илмий тадқиқотлар натижаси сифатида муқаддас зиёратгоҳларнинг тарихини ўрганиш, ўзига хос хусусиятларини аниқлаш, аждодларимизнинг моддий-маданий соҳадаги анъанавий диний тасаввурлари ва эътиқод қарашларини илмий таҳлил этиш имконияти туғилади.

Ўзбекистоннинг жанубий ҳудуди ҳисобланган Сурхондарё жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси билан алоҳида мавқега эга. Ушбу ўлка ўзининг буюк алломалари, олимлари ҳамда меҳнаткаш халқи билан жаҳонга танилган. Аждодларимиз ўзларининг ҳаёт тажрибаларида муносиб ҳурматга сазовор бўлган шахсларнинг номларини абадийлаштиришга, амалга оширган ишларини келажак авлодга намуна сифатида қолдиришга ҳаракат қилган. Муносиб шахсларнинг меросини ва тарихини ўрганиш, пировард натижада улар дафн этилган қабристонларни обод қилиш, диний-диёнатли инсонларнинг ҳаёт тажрибасини оммалаштириш, уларнинг дунёвий ва диний соҳада амалга оширган ишлари ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадларига хизмат қилади. Муқаддас объектлар атрофида шаклланган маданият, жамият тарихида юз берган воқеа-ҳодисалар, уларга муносабат, шу муҳит билан боғлиқ урф-одат, анъана, маросимлар муайян тил ва образлар орқали талқин қилади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, муқаддас зиёратгоҳлар халқимизнинг босиб ўтган тарихини ҳар томонлама ўрганишга, Ватанни севишга, уни кўз қорачиғидай асрашга ундайди.

Сурхон воҳасидаги муқаддас зиёратгоҳларни ўрганиш ва илмий таҳлил этишда уларнинг келиб чиқиш сабаблари, уни юзага келтирган ижтимоий-иқтисодий ва маданий воқеликлар алоҳида аҳамиятга эгадир. Чунки муқаддас зиёратгоҳларнинг шаклланишида географик муҳит алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, ўтмиш аждодларимиз улуғ аллома ва авлиёларнинг образини талқин қилишда ҳудуд иқлимига, табиат экологиясига, ернинг баланд жойлашишига, у ернинг турли дарахтлар, доривор ўсимликлар билан боғлиқлигига алоҳида эътибор берган. Муқаддас зиёратгоҳда дафн этилган шахсларнинг халқ олдидаги хизматлари, тинчликни сақлаш, халқни чет эл босқинчиларидан ҳимоя қилиш ва ғалабани таъминлашдаги кароматлари, турли хил касалликлар, офатларни олдини олишдаги ҳаракатлари халқ томонидан эътироф этилиб, улар вафотидан кейин халқ учун муқаддас, тоза, кўркам ҳисобланган жойларга дафн этилган. Сурхон воҳасининг ўзига хос қадимий, тарихий обидалари қадимшунос олимлар томонидан мукаммал ўрганилиб, муқаддас зиёратгоҳларнинг ҳудудини, географик жойлашуви, архитектураси, меъморчилигини илмий ўрганиш масаласида бир қатор натижаларга эришилди. Чунки Сурхондарёда дунёда машҳур ва мусулмон дунёсида алоҳида ҳурматга сазовор бўлган ал-Ҳаким ат-Термизий, Варроқ ат-Термизий, Юсуф Ҳаёт ат-Термизий, Имом Абу Исо ат-Термизий, Абу-л-Музаффар ат-Термизий, Саййид Бурҳон ад-дин Ҳусайн ат-Термизий каби алломалар етишиб чиққан ва улар ислом илмлари соҳиблари сифатида фаолият олиб борганлар.

Буюк аллома, авлиё, саҳоба ва суфийлар ҳурмати учун уларнинг қадами теккан жойларга ёки қабрларидан тупроқ келтирилиб, зиёратгоҳга айлантирилган. Муқаддас қадамжоларни илмий таҳлил этиш асносида биз уларни ободонлаштириш, халқимизни руҳан дам оладиган, маънавий озуқа оладиган ҳудудларга айлантириш бўйича муҳим ишлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдик.

Қадимда Буюк Ипак йўлида жойлашган Сурхон воҳаси буддавийлик, зардуштийлик, христианлик, монавийлик каби турли динларнинг шаклланишига ва тараққий этишига асос солган ҳудуддир[1]. Сополлитепа, Жарқўтон, Айритом, Термиз, Далварзинтепа, Холчаён, Фаёзтепа, Қоратепа каби милоддан аввалги қадимий археологик ёдгорликлар ҳудудларида ўзига хос муқаддас диний обидалар, зиёратгоҳлар мавжудлиги археологик тадқиқотлар натижаларида қайд этилган[2].

Термиз Ўзбекистон ҳудудидаги энг қадимги шаҳарлардан бири бўлиб, архитектура комплекслари шаклланган, буюк аллома ва авлиёлар дафн этилган муқаддас зиёратгоҳларни ўзида мужассамлаштирган йирик маданият ўчоғи ҳисобланади. Географлар, сайёҳлар ва элчилар ушбу қадамжолар ҳақида кўплаб маълумотларни сақлаб қолганлар[3].

Муқаддас зиёратгоҳларнинг шаклланишида маҳаллий халқнинг деҳқончилиги, ҳунармандчилиги, тиббиёти, ўзликни англаш, тасаввур ва онггини юксалишида, устоз-шогирд мактабларини шакллантиришда, табиат ва жамият ўртасида уйғунликни вужудга келтиришда, ҳукмрон синфлар билан оддий халқ ўртасида ўзаро ҳамкорликни вужудга келтиришга муносиб ҳисса қўшган улуғ инсонлар хизмати алоҳида инобатга олинган ва тарихан шаклланган. Воҳадаги ҳар бир зиёратгоҳ маҳаллий аҳолининг ҳаётида муҳим роль ўйнаган, у ерда ётган шахс онгги, тасаввури, диний ва дунёвий билимларни эгаллаши билан ажралиб турган ҳамда унинг касби билан боғлиқ хизматлари инобатга олиниб, тарихий воқеаларга, урф-одатларга қўшган ҳиссаси билан аҳамиятли бўлган.

Энг муҳими, муқаддас зиёратгоҳлар воҳанинг дарё, ариқ, булоқ, кон, ҳунармандчилик, деҳқончилик, чорвачилик, дарахт, турли доривор ўсимликлар ўсадиган ҳудудларда шаклланиши, асосан, географик ҳолат билан боғлиқдир. Сурхондарё вилоятидаги энг йирик зиёратгоҳлар Термиз шаҳри ва Термиз туманида жойлашган бўлиб, улар сафига ал-Ҳаким ат-Термизий, Зу-л-Кифл, Қирқ қиз мажмуи, Султон Саодат мақбаралар мажмуи, Кокилдор ота, Мурч бобо сағанаси каби ёдгорликлар киради. Бу объектлар турли давр воқеа-ҳодисалари таъсирида шаклланган бўлиб, ўзининг географик ва тарихий жойлашуви билан бошқалардан ажралиб туради.

Дала тадқиқотлари Сурхондарё вилоятидаги зиёратгоҳларнинг 70 фоизи Термиз, Шеробод, Музработ, Ангор, Бойсун, Олтинсой, Денов ҳудудларида жойлашганлигини аниклашга имкон яратди. Ушбу ҳудудларда истиқомат қилган алломалар, олимлар, диний билим раҳнамолари фан ва маданиятнинг ривожланишига муносиб ҳисса қўшган. Ушбу ҳудудлар қулай географик жойлашуви билан илк деҳқончилик ва ҳунармандчилик ривожланган Зароутсой, Сополлитепа, Жарқўтон, Термиз, Занг, Қоратепа, Фаёзтепа каби қадимий маданият марказлари билан боғлиқдир.

Вилоятнинг тоғ ва чўл ҳудудларида шаҳарга нисбатан диний ва маданий соҳадаги ўзгаришлар секин кечган. Натижада олис минтақаларда эски диний тажриба – диний қараш, тасаввурлар ва амалиёт узоқроқ вақт сақланган. Зиёратгоҳлар ҳам кўпинча аҳоли зич жойлашган ерларда шаклланиб, зиёратчиларнинг серқатновлиги боис уларнинг обод бўлиши осон кечган.

Термиз туманидаги ал-Ҳаким ат-Термизий зиёратгоҳида X–XIV асрларга тегишли меъморий ёдгорлик мавжуддир. Ушбу объект IX асрда яшаб, фаолият юритган Сўфизмдаги ҳакимийлик тариқатининг асосчиси, машҳур термизлик олим, қатор диний-фалсафий асарлар муаллифи, йирик зоҳид – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ал-Ҳаким ат-Термизий номи билан боғлиқдир.   Ушбу қадамжо нафақат вилоятда, балки ислом оламидаги энг йирик олим номи билан боғлиқ зиёратгоҳ ҳисобланади[4].

XI–XII асрларда Термиз шаҳри яқинидаги Пайғамбар оролининг жанубий қисмида Зу-л-Кифл зиёратгоҳи жойлашгани воҳа диний-маънавий ҳаётнинг ранг-баранглигига мисол бўла олади. Қуръони каримда номи зикр этилган Пайғамбар Зу-л-Кифл билан боғлиқ ушбу қадамжо мазкур ҳудуддаги кўпгина муқаддас жойлар билан бир қаторда зиёрат қилинади[5]. Ушбу шахс билан боғлиқ ривоятлар кенг тарқалган.

Кейинги объект – Қирқ қиз мажмуи Термиз туманидаги Намуна жамоа хўжалигида жойлашган. Бу IX–XIV асрларга оид ёдгорлик бўлиб, бу жой ал-Ҳаким ат-Термизийнинг қизи, афсонавий Қирқ қиз қалъаси маликаси Ҳурайда бинт Муҳаммад ал-Ҳаким ва шунингдек, Варроқ ат-Термизийнинг қизи – мазкур қалъа бошлиғи Руҳайда бинт ал-Варроқларнинг мақбаралари ҳисобланади[6]. Сурхондарё муқаддас жойлари мисолида бир антропологик феноменни кузатишимиз мумкин. Иккинчи томондан, муқаддас жойларни машҳур шахслар номи билан боғлаш орқали ўз мавқеини кўтариш имкониятига эга бўлади.

Маҳаллий аҳоли орасида ўзига хос мавқега эга бўлган объект – Термиз тумани Намуна жамоа хўжалигида жойлашган Султон Саодат мажмуидир. XI–XIX асрлар мобайнида Термиз саййидларининг оила аъзолари дафн этилган Султон Саодат мақбаралар мажмуи мустақиллик туфайли таъмирланиб, муқаддас зиёратгоҳга айлантирилди. Ушбу мажмуа 20 га яқин мақбарани ўз ичига олади. У ўз даврининг таниқли меъморлари томонидан ганч-ўймакор безаклари билан ишланган. Мажмуа асоси Пайғамбар авлодларидан бўлган Саййид Ҳасан ал-‘Амр сағанаси устида бунёд этилган. Ҳусайн мақбараси саййидлар ва маҳаллий мусулмон уламоларининг юқори табақаси, сулоласи, мақбараси деган ном билан улуғланади[7]. Алавийлар культи (Али авлодларини ардоқлаш) Сурхондарё ўлкасида ҳам кучли мавқега эга бўлганлигини кўришимиз мумкин.

Баъзи бир зиёратгоҳлар минтақада машҳур тарихий шахслар қариндошлари мақбаралари деб ҳисобланади. Масалан, Кокилдор ота зиёратгоҳи (XII a.) ал-Ҳаким ат-Термизийга алоқадор ҳисобланади. Кокилдор ота – ал-Ҳаким ат-Термизийнинг куёви бўлиб, унинг қизи – Ҳурайда бинт Муҳаммад ал-Ҳакимнинг умр йўлдошидир. Унинг асл исми – Сомон Ашур. У машҳур хаттот олим ва кўпгина асарлар муаллифи сифатида маълум. Мазкур олим «Кўшки Кокилдор»га дафн этилгандан сўнг авлиё сифатида танилган[8].

Қадамжолар орасида номлари номаълумлари ҳам учрайди. Аҳоли уларни «авлиё» сифатида қабул этади. Улар қаторига Мурч бобо[9] зиёратгоҳи киради. Унинг сағанаси XIX аср охири – XX аср бошларига тегишли. Зиёратгоҳ Термиз шаҳрининг Адиб Собир Термизий кўчаси, 16-уйда жойлашган.

Ангор туманидаги муқаддас қадамжолар аксарияти археологик нуқтаи назардан Кушонлар подшолиги даврига (I–III аа.)[10] оид. Туманда XI–XII асрларга тегишли бўлган иккита – Хўжа Рўшнойи, Саъд ибн Аби Ваққос ва ХХ асрда қурилган Абдураҳмон ота зиёратгоҳлари жойлашган.

Хўжа Рўшнойи зиёратгоҳи биноси XI–XII асрларга оид бўлиб, Занг жамоа хўжалигидаги, Термиз-Ангор автомобиль шоҳ йўли устида жойлашган. Мақбарада хоки ётган одамнинг асл исми номаълум. Аммо у ҳақда баъзи ривоятлар мавжуддир. Уларга биноан, мазкур авлиё кароматлари билан машҳур бўлган.

Ушбу зиёратгоҳлардан қолган иккиси илк ислом қаҳрамонлари номлари билан боғлиқ. Абдураҳмон ота зиёратгоҳи Муҳаммад пайғамбар саҳобалари «Ашараи мубашшара» («Жаннатий экани башорат қилинган ўн саҳоба»)дан бири – Абдураҳмон ибн Авфга (ваф. 654) атаб барпо этилган. Ушбу зиёратгоҳ Таллимарон жамоа хўжалигида жойлашган. Вақтлар ўтиб унинг атрофида катта қабристон вужудга келган[11].

Саъд ибн Аби Ваққос ота зиёратгоҳи ҳам «Ашараи мубашшара»дан бири бўлган машҳур саҳоба Саъд ибн Аби Ваққос (ваф. 674) номи билан боғлиқ. Ушбу зиёратгоҳ Хайробод тепа яқинида жойлашган[12].

Давоми бор...

Манба:tiu.uz
Санобар Жўраева,
тарих фанлари номзоди

 

[1] Хашимов М.А. Религиозные памятники Центральной Азии. – Алматы: САГА, 2001. – С. 8–22.

[2] Марказий Осиё динлари тарихи / Масъул муҳаррир: Ёвқочев Ш.А. – Т.: Тошкент давлат шарқшунослик институти, 2006. – Б. 69–73.

[3] Абу Са‘д ‘Абд ал-Карим ибн Муҳаммад ибн Мансур ат-Тамимий ас-Сам‘оний. Ал-Ансоб (6 жилдли). 1-ж. / Муҳаммад ‘Абд ал-Қодир ‘Ато’ ҳошиялари билан. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-‘илмийа, 1419/1998. – Б. 482–485.

[4] Усмонов И. Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг «Наводир ал-усул» асари – ҳадис ва тасаввуф илмига оид муҳим манба: Тар. фан. номз. ... дис. автореф. – Т.: Тошкент ислом университети, 2007. – Б. 13–14; Ўзбекистон мусулмонлари идораси маълумотномаси. – Тошкент, 2004 йил, март. – Баённома № 2.

[5] Қаранг: Қуръони карим, 21: 85–86; 38: 48.

[6] Аҳмад Устурлобий ас-Сағоний ат-Термизий. ‘Илм ан-нужум. – ЎзР ФАШИ. Қўлёзма № 8147. – Б. 247.

[7] Ўзбекистон миллий энциклопедияси. – Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2004. 8-ж. – Б. 127; Ўзбекистон мусулмонлари идораси маълумотномаси. – Тошкент, 2004 йил, март. – Баённома № 2.

[8] Сомон Ашур Ҳамзаи Ҳофиз Кокилдор. Шажарот ал-калом. – Тошкент, тошбосма. Хўжамшукурова Гулсумнинг шахсий кутубхонасида сақланмоқда. – Термиз шаҳри. – Б. 15.

[9] Турсунов С., Қобилов Э., Пардаев Т., Муртазев Б. Сурхондарё тарихи. – Т.: Шарқ, 2004. – Б. 130.

[10] Бундан кейин асрлар сўзи а-аа. кўринишида берилади.

[11] Ислом энциклопедияси. – Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2004. – Б. 9.

[12] Ибн ‘Асқалоний. ал-Исоба фи тамйиз ас-саҳоба. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-‘илмийа, 1995. 3-ж. – Б. 373.

Add comment


Security code
Refresh

ХАЛҚАРО АЛОҚАЛАР
Кўп ўқилган
Имом Бухорий сабоқлари журнали
Янгиликлар
  • 1
  • 2
  • 3
ИБХИТМ ВА АҚШ ТИНЧЛИК ИНСТИТУТИ ҲАМКОРЛИГИДА СЕМИНАР-ТРЕНИНГ ЎТКАЗИЛДИ

ИБХИТМ ВА АҚШ ТИНЧЛИК ИНСТИТУТИ ҲАМКОРЛИ…

26-07-2018 Hits:5556

26 июль куни АҚШ Тинчлик институтининг Марказий Осиё ва Афғонистон дастурлари бўйича директори Скот Ворден, АҚШ тинчлик институтининг катта илмий... Batafsil...

Самарқанд гавҳари

Самарқанд гавҳари

26-07-2018 Hits:5582

Давлатимиз раҳбари 2016 йил 18 октябрда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг очилиш маросимида Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик... Batafsil...

ИБХИТМ ва СамДУ ҳамкорлигида халқаро семинар‑тренинг бўлиб ўтди

ИБХИТМ ва СамДУ ҳамкорлигида халқаро сем…

25-07-2018 Hits:5678

2018 йил 24 июль куни Самарқанд давлат университетида ИБХИТМ ҳамкорлигида АҚШ Глобал илмий нашрлар директори Парвиз Моривидж ва Нью‑Йорк Бингемтон... Batafsil...

Имом Бухорийга муносиб авлод бўлайлик

Имом Бухорийга муносиб авлод бўлайлик

23-07-2018 Hits:5732

20 июль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг мажлислар залида “Имом Бухорийга муносиб авлод бўлайлик”... Batafsil...

Ҳиндистон Ислом Маданияти маркази раҳбари Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот марказига ташриф буюрди.

Ҳиндистон Ислом Маданияти маркази раҳбар…

16-07-2018 Hits:5412

15 июлъ куни Ҳиндистон Ислом Маданияти маркази раҳбари Cиражуддин Қуреший Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди. Меҳмонни Имом Бухорий халқаро илмий‑тадқиқот... Batafsil...

Илмий ишланмаларни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар грант ажратилади

Илмий ишланмаларни қўллаб-қувватлаш учун…

20-07-2018 Hits:5746

Президент Шавкат Мирзиёев Ядро физикаси институтида   Фанлар академияси ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан мулоқот қилди.  Мамлакатимизда... Batafsil...

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Саудиядаги “Сунна ва турос ан-набавий маркази” ўртасида илмий-тадқиқот ва қўлёзмаларни ўрганиш бўйича ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марк…

06-07-2018 Hits:4713

Жорий йилнинг 1–5 июлъ кунларида Малайзия Республикасида бўлиб ўтган “Қўлёзмалар ва тарихий ҳужжатларга бағишланган иккинчи халқаро конференция” ва “Қўлёзмаларни ўрганиш усуллари”... Batafsil...

МАЛАЙЗИЯ ИСЛОМ ИЛМЛАРИ УНИВЕРСИТЕТИ (USIM) ВА ИБХИТМ ЎРТАСИДА ХАЛҚАРО АЛОҚАЛАРНИ ЎРНАТИШ БЎЙИЧА КЕЛИШУВ БИТИМИ ИМЗОЛАНДИ

МАЛАЙЗИЯ ИСЛОМ ИЛМЛАРИ УНИВЕРСИТЕТИ (USI…

04-07-2018 Hits:4767

2018 йил 3-июль куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакиллари ва Малайзия ислом илмлари университети ректори профессор, Датоъ Муса Аҳмад... Batafsil...

МАРКАЗ ИЛМИЙ ХОДИМЛАРИ ХАЛҚАРО ҚЎЛЁЗМАЛАРНИ ЎРГАНИШ ЎҚУВЛАРИДА

МАРКАЗ ИЛМИЙ ХОДИМЛАРИ ХАЛҚАРО ҚЎЛЁЗМАЛА…

27-06-2018 Hits:3899

  Олдин хабар берганимиздек, Марказ илмий ходимларидан 3 нафари – О.Муҳаммадиев (Илмий котиб), Т.Эвадуллаев (Диний-маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи) ва Й.Исаев. (Қўлёзмалар... Batafsil...