Имом Термизийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти

| Print |
Category: Термизлик алломалар
Created on 30 March 2017 Hits: 5569

Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо Суламий Термизий 209/824 йилда Термиз шаҳрида таваллуд топган. У жуда ёшлигидан бошлаб илм талабида бўлган. Унинг шайхлари орасидан энг биринчиси Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жаъфар Симноний (ваф. 220/835 й.дан олдинроқ)дир.

Ўша вақтларда Имом Термизий ўн ёшлар атрофида бўлган. Ўзи яшаб турган юртдаги уламолардан илм ўрганган Имом Термизий кейинчалик бошқа юртларга ҳам илм талабида сафарга чиқади. Имом Заҳабийнинг айтишиича, “У сафар қилиб, Хуросон, Ироқ ва икки Ҳарамда (ги шайхлардан) ҳадис эшитган. Миср ва Шомга бормаган”[1].

Доктор Акрам Зиё Умарий ўзининг “Имом Термизийнинг илмий мероси” номли илмий рисоласида Имом Термизийнинг Бағдод шаҳрига киргани, лекин бу сафар Имом Аҳмад ибн Ҳанбал вафот этганидан сўнг бўлган, шунинг учун ҳам у Имом Аҳмаддан ҳадис эшитмаган деган фикрни илгари сурган[2].

Имом Термизий сабоқ олган ва ҳадис эшитган энг машҳур шайхлар:

1. Қутайба ибн Саид Сақафий Бағлоний (ваф. 240/854 й.), ва у олти энг ишончли тўплам эгаларининг шайхларидан бири ҳисобланади.

2. Али ибн Ҳужр Марвазий (ваф. 244/858 й.)

3. Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (ваф. 256/870 й.). У Имом Термизийнинг энг асосий шайхларидан биридир.

4.  Муҳаммад ибн Башшор Басрий Бундор (ваф. 252/866 й.).

5. Муҳаммад ибн Мусанна Басрий Аназий (ваф. 252/866 й.).

6. Аҳмад ибн Манийъ Ҳофиз Бағавий (ваф. 255/868 й.).

7. Маҳмуд ибн Ғайлон Марвазий (ваф. 239/853 й.).

8. Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Ҳофиз Доримий (ваф. 255/868 й.).

9. Исҳоқ ибн Роҳавайҳ (ваф. 238/852 й.).

Кўплаб одамлар Имом Термизийдан илм олганлар ва уларнинг энг машҳурлари қуйидагилардир:

1. Абул Аббос Муҳаммад ибн Аҳмад Маҳбубий Марвазий.

2. Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший.

3. Абу Зар Муҳаммад ибн Иброҳим Термизий.

4. Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Иброҳим Қаттон.

5. Абу Ҳомид Аҳмад ибн Абдуллоҳ Марвазий Тожир.

Имом Термизийнинг уламолар наздидаги мавқеи:

Имом Термизий: “Муҳаммад ибн Исмоил менга: “Сен мендан фойда олганингдан кўра кўпроқ мен сендан фойда олдим”, деган”, деди.

Миззий шундай деган: “(Имом Термизий) Атоқли ҳофиз имомлардан ва Аллоҳ у сабабли мусулмонларга манфаат еткарган шахслардан биридир”[3].

Имом Заҳабий: “(Имом Термизий) Ҳофиз, даҳо, моҳир имомдир”,[4] дейди.

Яна: “Унинг “Ал-жомеъ”си унинг имомлиги, ҳофизлиги ва фақиҳлигига етарли далилдир”, [5] деган.

Ибн Касир: “У (Имом Термизий) ўз даврида ушбу иш (ҳадис илми)нинг имомларидан биридир ва унинг машҳур асарлари бор”, деган.

Имом Термизийни номаълум шахс дея сифатлагани учун кўплаб ҳадис имомлари Ибн Ҳазмни қаттиқ танқид қилганлар ва унинг бу гапини хатога чиқарганлар. Имом Заҳабий ўзининг “Мезону-л-эътидол” номли асарида Имом Термизий ҳақида гапира туриб: “(Имом Термизий) билиттифоқ, ўта ишончли шахсдир. Ибн Ҳазмнинг у ҳақида гапларига илтифот қилинмайди. Чунки, у Имом Термизийни танимаган, унинг “Ал-жомеъ”сини ҳам, “Ал-илал”ининг борлигини ҳам билмаган”,[6] дейди.

Имом Заҳабий ўзининг “Сияру аъломи-н-нубало” асарида Ибн Ҳазмнинг таржимаи ҳолини ёза туриб, Жомеъу-т-Термизий ва Сунани Ибн Можа Андалусияга Ибн Ҳазм вафот этганидан кейингина кириб келган,[7] дейди.

Ибн Касир “Ал бидоя ван ниҳоя”да, шунингдек Ибн Ҳажар ҳам Ибн Ҳазмга ана шундай раддиялар беришган.

Имом Термизийнинг сифатлари:

У ўз илмига амал қилгувчи олим, художўй ва зоҳид инсон бўлган. Ҳофиз Умар ибн Аҳмад ибн Аллак Марвазий шундай деган: “Бухорий вафот этар экан Хуросонда ўзидан сўнг илм ва зоҳидлик борасида Абу Исога ўхшаган одамни қолдирган эмас. У кўзлари кўр бўлиб қолгунига қадар йиғлаган”.

Имом Термизийни машҳур қилган сифатларидан энг кўзга кўрингани бу унинг кучли хотира эгаси бўлганидир. Зеро у иқтидорли ҳофиз бўлган.

Имом Термизий туғилганида кўзлари ожиз бўлиб туғилган, деган гаплар ҳам учрайди. Ҳақиқатда эса у, Заҳабий ва Ибн Касирлар айтганларидек,  ўз ҳаётининг сўнги йилларида кўр бўлиб қолган.

Имом Термизийнинг асарлари:

1. Ал Жомеъ ва бу унинг энг машҳур асаридир.

2. Ал илал ас сағир. Бу асарнинг “Ал жомеъ”нинг таркибидаги китобми ёки унинг ўзи мустақил бир асар эканлиги борасида ихтилофлар бор. Энг машҳур гап шуки, у “Ал жомеъ”нинг бир қисмидир ва Имом Термизий уни ўзининг “ал жомеъ”сига хотима сифатида ёзган.

3. Китабул илал ал кабир.

4. Аш шамоилул Муҳаммадия.

5. Тасмияту асҳоби Расулиллааҳ (с.а.в.).

6. Китаабуз зуҳд.

7. Китаабул асмои вал кунаа.

8. Китаабут тафсир.

9. Китаабут таърих.

Имом Термизийнинг вафоти:

Имом Термизий 892 йил (ҳижрий 279 йилнинг 13 ражаб ойида) Термиз шаҳрида вафот этган.

Имом Термизийнинг таржимаи ҳоли ёзилган асарлар:

Ибн Ҳиббоннинг “Ас-сиқот” асари.

Самъонийнинг “Ал-ансоб” асари.

Ибн Халликоннинг “Ал-аъйон” асари.

Заҳабийнинг “Сияру аъломи-н-нубалои” ва “Тазкирату-л-ҳуффоз” асари.

Миззийнинг “Таҳзийбу-л-камол” асари.

Ибн Ҳажарнинг “Таҳзийбу-т-таҳзиб” асари.

Ибн Касирнинг “Ал-бидоя ва-н-ниҳоя” асари ва бошқалар.

 

Имом Бухорий халқаро маркази
Манбашунослик бўлими мутахассиси Алоуддин Ҳофий


[1] Имом Заҳабий. Сияру аъломи-н-нубалои. Ж.25. – Б. 271.

[2] Доктор Акрам Зиё Умарий. Туросу-л-имами-т-Термизий-ал-илмий. –  Мадинаи мунаввара. Мактабату-д- дор, 1991. – Б. 10.

[3] Юсуф ибн Закий Абдураҳмон Абул Ҳажжож Миззий. Таҳзийбу-л-камол. Ж. 6. – Б. 250.

[4] Имом Заҳабий. Сияру аъломи-н-нубало. Ж. 25. – Б. 271.

[5] Ўша манба.

[6] Имом Заҳабий. Мезону-л-эътидол. Ж. 3. – Б. 678.

[7] Имом Заҳабий. Сияру аъломин нубалои, 35-жилд, 183-бет.