Одоблар дурдонаси-22

| Print |
Category: Одоблар дурдонаси
Created on 29 November 2016 Hits: 5371

26-боб

( باب يستأذن على أمه )

Онасининг олдига изн сўраб кириш ҳақида

1059 - عن علقمة قال : جاء رجل إلى عبد الله قال: « أأستأذن على أمي فقال : ما على كل أحيانها تحب أن تراها.

1059. Алқамадан ривоят қилинди:

«Бир киши Абдуллоҳнинг олдига келиб «Онамнинг олдиларига кириш учун ҳам изн сўрашим керакми?» деб сўради. У «Нима, уни ҳар қандай ҳолатида ҳам кўришни хоҳлайсанми?» деди».

 Шарҳ:

Гарчи бир уйда яшаса ҳам онасининг олдига кирмоқчи бўлган фарзанд ундан изн сўраб кириши лозим. Акс ҳолда, ўзи истамаган ҳолатга рўбарў бўлиб қолиши мумкин. Ўз онасининг ва маҳрамларининг олдиларига киришларида ҳам улардан рухсат сўраб кириш керак. Расулуллоҳ (с.а.в.)дан бир киши «Онам ҳузурига ҳам ундан рухсат сўраб кираманми?» деганида ул зот (с.а.в.) «Ҳа», деб жавоб бердилар. У «У билан битта уйда яшайман-ку?» деди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) «Ундан изн сўрагин, ахир уни яланғоч ҳолда кўришни хоҳламайсан-ку», дедилар[1].

Бундан ташқари бошқа хонадонга кирмоқчи бўлган шахс ҳам, хонадон соҳибларига салом бериб, улардан рухсат сўраб кирмоқлиги Исломий одоблардандир. Агар изн берилса, киради. Изн берилмаса, кирмасдан ортига қайтади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَدْخُلُوا بُيُوتًا غَيْرَ بُيُوتِكُمْ حَتَّىٰ تَسْتَأْنِسُوا وَتُسَلِّمُوا عَلَىٰ أَهْلِهَا ذَٰلِكُمْ خَيْرٌ لَّكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ . فَإِن لَّمْ تَجِدُوا فِيهَا أَحَدًا فَلَا تَدْخُلُوهَا حَتَّىٰ يُؤْذَنَ لَكُمْ وَإِن قِيلَ لَكُمُ ارْجِعُوا فَارْجِعُوا هُوَ أَزْكَىٰ لَكُمْ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ عَلِيمٌ.

«Эй иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизчакирманг! Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки, эсласангиз.Бас, агар у(уй)ларда бирортани топмасангиз, то сизга изн берилмагунча уларга кирманг! Агар сизгақайтинг, дейилса, бас, қайтинг, ўша сиз учун покдир. Аллоҳ нима амал қилаётганингизни ўта билгувчидир».[2]

Чунки бегона хонадонга изн сўраб, салом бериб кирилсагина турли ноқулай ҳолатларнинг олди олинган бўлади. Изн сўрамай кирган одам уй эгаларининг ноқулай ҳолда турганларини кўриб қолса, гуноҳ бўлади. Икки томон ҳам хижолатга тушади. Баъзи ҳолларда уйда аёл киши ёлғиз бўлиши мумкин, устига бегона эркак кириб келса, фитна чиқиши ҳам мумкин. Демак ҳар доим ҳушёр бўлишимиз керак экан.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1.      Балоғат ёшига етганлар оналарининг олдиларига рухсат сўраб кириши лозимлиги;
  2.      Ўзга хонадонга уларнинг изни билан, салом бергач, кириши кераклиги;
  3.      Изн берилса, кириш, акс ҳолда, кирмасдан ортига қайтиш лозимлиги;
  4.      Изн сўраш турли ноқулайлик ва фитналардан сақланиш йўли экани.

 

1060 - مسلم بن نذير يقول : سأل رجل حذيفة فقال: أستأذن على أمي فقال: إن لم تستأذن عليها رأيت ما تكره.

1060. Муслим ибн Назирдан ривоят қилинади:

«Бир киши Ҳузайфадан «Онамнинг олдига киришга ҳам изн сўрашим керакми?» деб сўради. Шунда у «Агар унинг ҳузурига изн сўрамай кирсанг, ўзинг ёқтирмаган нарсани кўриб қолишинг мумкин», деб жавоб берди».

Шарҳ:

Бу ҳадис шарифда ҳам олдинги ҳадис маъноси такрорланмоқда.

 

1061 - عن موسى بن طلحة قال : دخلت مع أبي على أمي فدخل فاتبعته فالتفت فدفع في صدري حتى أقعدني على استي ثم قال: أتدخل بغير إذن.

1061. Мусо ибн Талҳадан ривоят қилинади:

 «Отам билан бирга онам ҳузурларига кираётгандим. Отам кирди, мен ҳам ортларидан эргашдим. У ортига ўгирилиб қарадида, кўксимга бир туртиб, мени орқам билан ерга ўтирғизиб қўйди, сўнг «Изн сўрамай кирмоқчимисан?» деди».

Шарҳ:

Демак отаси билан бирга бўлган вақтда ҳам онанинг ҳузурига кирмоқчи бўлса, отасидан ёки ичкаридаги онасидан киришга изн сўраш лозим экан.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1.   Ҳар доим отаси ёки онасидан киришга рухсат сўраш лозимлиги;

Фарзанд тарбиясида изн сўрашнинг муҳим аҳамият касб этиши.

Олимхон Исахон ўғли
Манбашунослик бўлим бошлиғи


[1] Молик ибн Анас. Муватто. –Ж.5. –Байрут. Муассаса Зоид ибн Султон, 2004. –Б.1402.

[2] Нур сураси: 27-28-оятлар.